ЎзА фотомухбирининг ижоди Хитойдаги кўргазмада (+видео)
Ахборот технологиялари, сунъий интеллект ривожланган бир пайтда фотосуратга қизиқиш бироз камайгандек туйилади. Аммо Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида бўлиб ўтган “19-дахлсиз экология” – “Ранг-баранг Гуйчжоу-2026” фотокўргазмаси бу фикрни тамомила рад этди. Фотонигоҳ ва фотолавҳалар аввало тарихий ҳужжат, тасвирий-бадиий асар, дид тарбиясидек нозик йўналиш воситаси эканини яна бир бор исботлади.
Гуйчжоу фотокўргазмаси бу йил ўн тўққизинчи маротаба ўтказилмоқда. Лекин Ўзбекистон фотоижодкорларининг асарлари бундай нуфузли майдонда илк бор намойиш этилди. Фотокўргазма залларида ва очиқ осмон остидаги қишлоқ уйлари, бино-иншоотлар деворларига қўйилган фотосуратлар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Фарғона вилоятидаги фотомухбири Муқимжон Қодиров ижодига мансуб тасвирлар ҳам жой олган.

– Мен бундай халқаро кўргазмада биринчи бор иштирок этяпман. Очиғи, ҳам хурсандман, ҳам ҳаяжондаман. Фотосуратларда Фарғона вилояти манзаралари, одамлар портретлари акс этган, – дейди Муқимжон Қодиров.
Хитойдаги фотокўргазмага ўзбекистонлик муаллифнинг 50 га яқин фотоишлари қўйилган. Уларда Фарғона вилояти мисолида Янги Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотлар, энг муҳими – инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар акс этган.

– Мен Ўзбекистон вакили Муқимжон Қодиров ижодини ҳақиқатан қизиқиш билан кузатдим. Уларда оддий инсон қиёфаси, тарихий обидалар, қизғин иш жараёни акс этган. Мен ҳар бирида ҳаётнинг тарихий, оний лаҳзаси, маънодор ифодасини топдим. Унинг фотолари халқаро кўргазмани янги ранг, маъно ва йўналиш билан бойитган, – дейди франциялик фотоижодкор кўргазма иштирокчиси Орельен Фуко.
Гуйчжоу тоғларидаги гўзал қишлоқда уч кун давом этган халқаро фотокўргазма Хитой маданий ҳаётида ҳам унутилмас воқеалардан бирига айланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OcT12Fq9158" title="O`zA fotomuxbirining ijodi Xitoydagi ko`rgazmada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео),
Хитой, Гуйчжоу провинцияси.
ЎзА