Солиқ тўлови бўйича қарздорликни бартараф этиш чоралари доирасида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фаолият юритувчи "Х.Х” фермер хўжалигидан жами 21,5 миллион сўм солиқ қарзини ундириш бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Ховос туман бўлими маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси қарори асосида чиқарилган ижро ҳужжатига биноан, МИБ Ховос туман бўлими томонидан белгиланган тартибда ижро ишлари олиб борилди.
Давлат ижрочиси иштирокида ўтказилган амалий тадбирлар натижасида қарздорга тегишли “Arion-630s” русумли қишлоқ хўжалиги техникаси хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилди.
– Қонунчиликка мувофиқ, бундай мол-мулкни хатлаш чоралари қарздор томонидан ўз мажбуриятларини вақтида бажаришини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Натижада бу қарздор фуқаро ҳам нафақат 21,5 миллион сўм миқдоридаги солиқ қарзини, балки 879 минг сўм миқдоридаги ижро йиғимини ҳам белгилаган муддатда тўлиқ тўлаб берди. Натижада, хатланган ва вақтинчалик сақлашга олинган трактор фермерга қайтарилди, –дейди МИБ Ховос туман бўлими давлат ижрочиси Адҳамжон Аҳмедов
Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, мол-мулкка нисбатан қўлланилаётган мажбурий чоралар давлат бюджетига тушумларни таъминлаш ва қарздорликни бартараф этишда самарали механизм сифатида хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири