
Судда адвокат иштирок этиши учун барча ҳолларда адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордердан ташқари ишончнома ҳам тақдим этилишини талаб қилиш ҳолатлари мавжуд. Бу қанчалик тўғри? Ахир, адвокат ўз номи билан ҳимоячи. Унда гувоҳнома ва ордер бўлишининг ўзи кифоя қилмайдими?
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси Алишер Баҳромов шу каби саволларга жавоб берди:
– Адвокатлар юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда назарда тутилган воситалар ҳамда усуллардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилиши керак.
Маълумки, адвокатлар лицензия ва гувоҳнома асосида фаолият юритади. Яъни, талабгор белгиланган тартибда лицензия ҳамда гувоҳнома олган пайтдан эътиборан адвокат мақомини олади ва Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 65-моддасида фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкинлиги назарда тутилган. Вакилликнинг ўзи ҳам икки турга бўлинади: қонуний вакиллик ва шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик.
Кодекснинг 67-моддасида адвокатлар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкинлиги белгиланган ҳамда ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топшириши мустаҳкамланган.
Кодекснинг 68-моддасига мувофиқ, вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак. Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.
Афсуски, аксарият ҳолларда фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳам ушбу нормани нотўғри қўллаш ва нотўғри талқин қилиш ҳоллари кузатилмоқда.
Олий суди пленумининг “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарорининг 13-бандида юқоридаги вазиятга тушунтириш берилган.
Унга кўра, шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар ишга киришиши учун ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар бўлиб, Фуқаролик процессуал кодексининг 68-моддасига мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномалар ҳисобланади, адвокатлар ва юридик шахс раҳбари бундан мустасно.
Адвокат ишга киришиши учун адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордер тақдим этилиши кифоя бўлиб, у адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради. (Фуқаролик процессуал кодексининг 69-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари).
Пленум қарорининг 14-бандига биноан ишга киришиш учун ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар шартнома бўйича вакилларга процесс иштирокчисининг фақат Фуқаролик процессуал кодексининг 40-моддасининг биринчи қисмида белгиланган умумий ҳуқуқларини беради. Бунга иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, раддия бериш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, аризалар бериш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътироз билдириш кабилар киради.
Пленум қарорининг 15-бандида эса, айрим процессуал ҳаракатларни содир этиш учун қонун махсус ваколатлар мавжуд бўлишини талаб этиб, шартнома бўйича вакил, шу жумладан, адвокат бу ҳаракатларни фақат улардан ҳар бири қонунга мувофиқ расмийлаштирилган ишончномада қайд этилган ҳолдагина содир этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланган.
Демак, юқоридаги меъёрларга таяниб шуни айтиш мумкинки, адвокатлар судда у билан шартнома тузган шахснинг ҳуқуқларини ҳеч қандай ишончнома тақдим қилмаган ҳолда ҳимоя қилишга киришиши мумкин.
Бунда, адвокат Фуқаролик процессуал кодексининг 40-моддасида санаб ўтилган асосий ва фундаментал ҳуқуқларидан фойдаланиб ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Фақатгина Фуқаролик процессуал кодексининг 69-моддасида санаб ўтилган қўшимча ҳуқуқларни ҳам ишонч билдирувчи шахс адвокатга беришга рози бўлса, улар ўртасида ишончнома тузилиши мумкин. Бундай ҳолатда адвокат судда қатнашиши учун лицензия, адвокатлик гувоҳномаси ва ордердан ташқари ишончномани ҳам судга тақдим этиши керак бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, адвокатлар фаолиятини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишга ҳаракат қилувчи етук юристларни тайёрлаш ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан биридир.
Шу мақсад йўлида адвокатура институтини ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари асоссиз чекланишини бартараф этишга хизмат қилмоқда. Фақат уларнинг фаолиятига асоссиз равишда чек қўйилмаслиги ёки ортиқча ҳужжат талаб қилинмаслиги керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА