Ўз келажагим учун овоз бераман
18 ёшдаман. Болаликда инсон муҳим воқеалар сифатида – ўз туғилган куни, саёҳатга чиққани, ота-онасининг бағрида яйраб ўйнагани, истироҳат боғларини билади.
Аммо мактабдан кейинги таълим жараёни мустақил қадамлар, ўзига хос қийинчилиги бўлсада завққа тўла давр экан. Аҳамиятлиси, муҳим воқеалар жараёнида иштирок этиш, жамиятда ўз ўрнини топа бошлаган инсоннинг туйғуларини таърифлашга тил ожиз. Мен бугун айни жараёнда ана шундай ҳис-туйғулар бағридаман.
Бугун бутун Ўзбекистон халқи муҳим сиёсий жараён олдида турибди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтмоқда. Мазкур онларни ўзгача ҳаёжон ва интиқлик билан кутдим. Ёш сайловчилар қаторида бу йил биринчи марта ўз овозимни бераяпман. Албатта, мен Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шу юртнинг кичик бир зарраси, она Ватанимнинг келажак авлодларини тарбиялашга масъул бўладиган мутахассис сифатида шундай муҳим сиёсий жараёнларга эътиборсиз бўла олмайман.
Сайловда иштирок этиш Конституциявий ҳуқуқий бурчим. Шунингдек, жамият ва давлат ишларида иштирок этишим учун имконият эканлигини аниқ англаб турибман. Биз, ёшлар сайловларда фаол иштирок этиб, давлатимиз келажагига садоқат билан хизмат қиладиган энг муносиб номзодга, Ватанимиз равнақи ва келажаги учун овоз берамиз.
Бу иштирок давлат ва жамият сиёсий ҳаётидаги илк қадамимиз бўлсада, жуда муҳим ва давлат бошқарувида иштирок этишимизнинг энг асосий шаклларидан биридир. Сиёсий партиялар томонидан ўтказилган сайловолди тарғибот ишларини фаол кузатиб бордим. Улар томонидан таклиф қилинаётган сайловолди дастурлари билан яқиндан танишдим. Ӯзим энг муносиб деб топган сиёсий партия дастуридан келиб чиқиб, мазкур партиядан кўрсатилган номзодга ўз овозимни бераман. Бу мен каби минглаб Ўзбекистон ёшларининг бурчи ва энг муҳим вазифасидир.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 3-моддасида мамлакатимизда сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ҳамда очиқ ва ошкора ўтказилиши белгиланган.
Бугун бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови одилона тарзда ўтишига катта ишонч билдираман. Мен келажагим учун, халқимизнинг эртанги тақдири учун энг муносиб деб топган номзодимга овоз бераман.
Зеро, сиёсий жараёндаги фаоллик келгусида халқ ҳаёти, турмуш тарзи, орзу-мақсадларининг қандай кўринишда рўёбга чиқишини белгилайди. Шу боис ҳам эртанги кунимиз халқ танлови, хусусан, менинг ҳам овозимга боғлиқ.
Меҳрангиз Усмонова,
Қўқон университети талабаси.
ЎзА