Сайфиддин Муҳаммад Фарғоний XIII асрда яшаб ўтган етук орифмаслак шоирлардандир. Мўғуллар истилоси оқибати ва ўша даврдаги нотинч вазият ушбу шоирни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётни танқид остига олувчи шеърлар ёзишга ундади.
Жаҳон, эй Сайфи Фарғоний, хароб аст,
Маниҳ рахт андар ин вайрон ва мерав.
Мазмуни: Эй Сайф Фарғоний, бу дунё бир бузуқ жойдир. Бу вайрона жойда қолиб, яшаб ўтирмагинда, ўтиб кетавергин.
Сайф Фарғоний ўз ватани Фарғонадан кўчиб кетганидан кейин минтақанинг айрим мамлакатлари ва шаҳарлари томон йўл олди, бу йўлда Саъдий Шерозий ва Ҳумом Табризий каби адабиёт ва ирфон улуғлари билан танишди ва дўстлашди.
Сайфи Фарғоний чу Саъдий назди он дилбари сухан
Дур ба дарё мефиристий, зар ба маъдан мебарий.
Мазмуни: Сайф Фарғоний [ижодини] сўз устаси Саъдий [ижоди] олдига олиб бориб, таққослаштирсанг, худди [дур билан тўла] денгизга дур ва [олтин билан тўла] конга олтин олиб боргандек бўласан.
Унинг шеърлари форсий шеъриятдаги Хуросон услуби таъсирида шаклланган бўлиб, содда, равон ва гўзалдир.
Сайфи Фарғоний аз шеър асал месозад.
Мазмуни: Сайф Фарғоний шеърдан асал ясайди.
Сайф Фарғоний ўзидан ғазаллар, қасидалар, қитъалар ва рубоийлардан иборат бўлган ўн бир минг байт шеърлар тўплами қолдирган. Аллоҳ таолони ҳамд этиш ва Пайғамбар (с.а.в.)ни улуғлаш билан бошланадиган Сайф Фарғоний шеърларининг асосий мавзуларини ўз замонасининг ижтимоий муаммоларини танқид қилиш, халққа ва ҳукмрон табақалар вакилларига панд-насиҳат қилиш ташкил этади.
Он худованде, ки олам они ўст
Жисму жон дар қабзайи фармони ўст.
Мазмуни: Бизнинг жисмимиз ва руҳимиз оламнинг эгаси бўлган худованднинг ихтиёридадир.
Сайфи Фарғоний ирфоний сулук йўлига кирганлиги ва хонақоҳда доимий тоат-ибодатга киришганлигига қарамасдан мўғул истилосининг ҳамда мўғуллар томонидан тайинланган ҳокимлар хунрезлигининг оқибати бўлмиш ўз даврининг нотинч вазиятини танқид остига олиб, унга маломатлар ёғдиради. Бу шоирни мўғуллар ҳукмронлиги даврининг энг сиёсий ва энг ижтимоий шоири деб аташ мумкин.
Ҳам марг бар жаҳони шумо низ мегузарад,
Ҳам равнақи замони шумо низ мегузарад.
Мазмуни: Ўлим ҳам бир куни сизнинг оламингизга кириб боради, сизнинг гуллаб-яшнаган бу давру давронларингиз ҳам бир куни ўтиб кетади.
Зулм, золимлик ва золимларни маломат қилиш унинг шеъриятига хос хусусиятлардан яна биридир.
Эй қавм, дар ин азо бигиред,
Бар куштайи Карбало бигиред.
Мазмуни: Эй одамлар, бу азода йиғланглар, Карбалода шаҳид бўлганларга йиғланглар.
Сайф Фарғоний Аттор, Саноий ва Саъдий Шерозий каби шоирларнинг ихлосмандларидан бўлиб, ўзининг кўпгина шеърларида Саъдийни ўз устози сифатида эслатади.
Сайфи Фарғоний бирав тасдиқи Саъдий кун, ки гуфт:
«Ман бадин зебоию хўбий надидам рўйро».
Мазмуни: Сайф Фарғоний, боргинда, «Мен ҳалигача бунчалик гўзал ва ёқимли юзни кўрмаган эдим», деган Саъдийнинг айтганларини тасдиқлагин.
Манавис ва магўй, Сайфи Фарғоний,
К-ин қисса дигар баён намехоҳад.
Мазмуни: Ёзмагин ва айтмагин, Сайф Фарғоний. Чунки бу қиссани бошқа баён қилиш керак эмас.
Саъдий каби Сайф Фарғоний ҳам доимо завқ-шавқ билан шеър ёзди.
Шубҳасиз, Сайф Фарғоний каби ўтмишда яшаб ўтган олимлар, шоирлар ва бошқа мутафаккирлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларга ҳурмат бажо келтириш улар томонидан қолдирилган қимматли мероснинг келажак авлодларга етказилишида муҳим ўрин тутади, дея у ҳақда фикр билдиради Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий.
ЎзА