Ўйин унутилиши мумкин, аммо ҳисоб тарихда қолади
Футболда баъзан манзара ҳисобдан чиройлироқ кўринади. Майдонда ташаббус сенда бўлади, хавфли вазиятларни сен яратасан, рақибни хато қилишга мажбур этасан. Аммо таблода рақамлар бошқача манзарани акс эттиради. Суперлиганинг 14-турида Тошкентда бўлиб ўтган “Локомотив” – “Сўғдиёна” учрашуви ҳам айнан шу ҳақиқатни яна бир бор исботлади.
Жиззахликлар учрашувни ишонч билан бошлади. Илк дақиқаларданоқ Люпчо Дориев бошчилигидаги ҳужумчилар рақиб ҳимоячиларига тинчлик бермади. Айниқса, майдон эгаларининг орқа чизиғидаги хатолардан кейин вужудга келган вазиятлар “Сўғдиёна” учун ҳисобни очиш имконини бериши мумкин эди. Дориев, Петар Мичин, Жавоҳир Қаҳрамонов, Фазлиддин Омонкелдиев иштирокида ташкил этилган бир нечта хавфли ҳужумларда фақат якунловчи зарбанинг аниқ чиқмагани меҳмонлар учун энг катта муаммога айланди.

Аксинча, “Локомотив” эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Майдон эгалари биринчи бўлимда ҳужумлар уюштирган бўлса-да, дарвоза олдида “Сўғдиёна” каби кўп имконият ярата олмади. Бироқ футболнинг ёзилмаган қонуни бор: рақиб кечирган имкониятлар бир куни ўзингга қарши ишлайди.
Танаффусга қадар ҳисоб очилмади. Бир қарашда ташаббус меҳмонлар томонида эди. Бироқ иккинчи бўлимда баҳснинг бутун сценарийси ўзгарди.

46-дақиқадаёқ “Сўғдиёна” яна голли вазиятга эга бўлди. Люпчо Дориев Алексей Козлов устидан тўпни ошириб ўтишга уринди, аммо “Локомотив” ҳимоячилари охирги лаҳзада хавфни бартараф этди. Бу эпизод кейинги воқеаларнинг ўзига хос бурилиш нуқтаси бўлиб чиқди.
Орадан кўп ўтмай, майдон эгалари кетма-кет икки марта пенальти ишлашга эришди. Ҳар икки вазиятда ҳам Темурхўжа Абдуҳолиқов совуққонлик билан ҳаракат қилди ва 11 метрлик жарима зарбаларини голга айлантирди. Қисқа вақт ичида ҳисобнинг 2:0 кўринишига келиши ўйиннинг руҳий оқимини бутунлай ўзгартирди.

Шундан кейин “Сўғдиёна” яна олдинга ташланди. Захирадан майдонга тушган футболчилар ҳисобни ўзгартиришга уринди, ҳужумлар сони кўпайди. Аммо ҳужум қанча кўпайгани сари орқа чизиқда бўш ҳудудлар ҳам юзага кела бошлади. “Локомотив” айнан шу имкониятдан усталик билан фойдаланди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Қувончбек Абраев қарши ҳужумни гол билан якунлаб, учрашувга деярли нуқта қўйди.
Зенан Займовичнинг сўнгги дақиқаларда киритган голи ҳисобни 3:1 кўринишига келтирган бўлса-да, бу гол мағлубият аламини енгиллаштиришдан нарига ўтмади.

Ушбу баҳсни шунчаки ҳисобга қараб баҳолаш нотўғри бўлади. Чунки ўйин давомида “Сўғдиёна” рақиб дарвозаси олдида “Локомотив”дан кўра кўпроқ хавфли вазиятлар яратди. Айниқса, биринчи бўлимда ва иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида жиззахликлар ўйин ташаббусини ўз қўлида ушлаб турди. Бироқ замонавий футболда ташаббус эмас, унинг самараси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим жиҳат — икки тур давомида жамоа ўз дарвозасидан саккизта гол ўтказиб юборган. Бу рақам ҳимоя чизиғида жиддий таҳлил талаб қилинишини кўрсатади. Айниқса, иккинчи бўлимда концентрациянинг пасайиши, жарима майдончасидаги қўпол хатолар ва рақибга берилаётган имкониятлар келгуси учрашувлар олдидан жиддий хулоса чиқаришни тақозо этади.

Шу билан бирга, «Сўғдиёна»нинг ижобий томонларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Жамоа ҳужум қуришни билади. Комбинацион футбол ўйнайди. Қисқа узатмалар орқали рақиб жарима майдонигача етиб боради. Демак, муаммо ўйин қуришда эмас, балки уни самарали якунлашда. Агар яратилган вазиятларнинг камида ярми гол билан тугаса, бугунги ҳисоб мутлақо бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.
Футболда “агар” деган тушунча йўқ. Турнир жадвалига чиройли комбинациялар, хавфли ҳужумлар ёки устун ўйин эмас, киритилган ва ўтказиб юборилган голлар ёзилади.
Шу маънода Тошкентдаги баҳс “Сўғдиёна” учун муҳим сабоқ бўлди. Чунки футболда устунлик қилишнинг ўзи етарли эмас. Ҳал қилувчи паллада совуққонлик, маҳорат ва натижа учун ўйнаш ғалабанинг асосий мезони ҳисобланади.
Ҳар қандай чиройли ўйин унитилади, лекин ҳисоб тарихда қолади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири