Ойдинлик болалар учун янги боғча
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Ойдин” маҳалласи ҳудудидаги 8-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Унга 1 миллиард
500 миллион сўм маблағ сарфланди. Янги бино тўқсон ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ўттиз нафар ишчи-ходим фаолият юритади.

Очилиш маросимида туман ҳокими масъуллари, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этди. Тадбирда мактабгача таълим ташкилотларини малакали кадрлар билан таъминлаш келажак авлодни тарбиялашда муҳим омил эканлиги ҳақида сўз борди.
–Болаларнинг қизиқиши ва қобилиятини инобатга олиб спорт, мусиқа, тил ўргатиш, рақс тўгараклари йўлга қўйилади. Мазкур маскан кўп йиллардан буён ишламасди. Ҳукуматимиздан миннатдормиз. Қисқа фурсатда уни таъмирлаб фойдаланишга топширишди. Маҳалла аҳли бу хайрли ишдан ниҳоятда хурсанд, – дейди маҳалла фаоли М.Каримова.

Ш. СУЯРОВ, ЎзА