Ойбек меросига буюк эҳтиром
Маълумки, ўзбек адабиёти ривожида Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг ижоди алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир устозлари Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг энг яхши адабий анъаналарини давом эттирар экан, ўзининг беназир насрий ва шеърий асарлари, илмий ва адабий-танқидий мақолалари билан ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигини янги тараққиёт босқичига кўтаришга хизмат қилди.
Пойтахтимиздаги Ойбек уй-музейида ўтказилган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 117 йиллигига бағишланган адабий кечада буюк адиб ижодининг ана шу жиҳатлари хусусида сўз юритилди. Буюк адибнинг набираси Ойнур Тошмухаммедова томонидан Ойбекнинг “Гули ва Навоий” достонини тақдимоти ҳам ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов сўз олиб, асардаги бош қаҳрамонлардан бири буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий эканлигини таъкидлади. Ойбекнинг сеҳрли қалами билан шоирнинг оддий боғбон қизи Гулига бўлган муҳаббати ҳақидаги афсонавий сюжет поэтик дурдонага айланганлиги, Ойбекнинг бу шеърий достони ўзбек ва рус тилларида чоп этилгани мазмун-моҳиятини яхшироқ англашни истаган барча зиёлилар учун қимматбаҳо совға бўлганлигини эътироф этди.

Тадбирга ташриф буюрган Татаристон Республикаси ваколатхонаси ходими Рамиль Шакиров бу достонни аҳамияти тўғрисида сўзлаб, уни татар тилига таржима қилинишини таъкидлаб ўтди. Иштирокчилар Ойбек уй-музейининг экспонатлари, буюк адибнинг асарлари билан яқиндан танишди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА