Жиззах вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси таклифи ва Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати билан ҳамкорликда туманда туризм салоҳиятини ўрганиш мақсадида “Ўхум” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли тоғли қишлоқларда хизмат сафарида бўлиб, кўрган-билганларимизни баҳоли қудрат видеотасвирга муҳрлаб қайтдик.
Жиззах вилояти туризм ва миллий мерос бош бошқармаси томонидан Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Экотуризмни ривожлантириш ва сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов ва Фориш туманларида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ.
Жумладан, Фориш туманидаги бугун туризм маҳалласига айланиб улгурган “Ўхум”нинг тоза ҳавоси, тоғ булоқларидан жилдираб оқаётган зилол сувлари нафақат маҳаллий, хорижлик сайёҳларни жалб этмоқда. “Ўхум”ликлар ўз қишлоқларига оддийгина қилиб “Бу ерга келган киши унинг табиатига шайдо бўлиб яна қайтиб келгиси келаверади” дея таъриф беришади. Четдан қараганда, бу оддийгина туюлиши мумкин, аммо гапнинг мазмунига чуқурроқ кириб борсангиз “бу гўшанинг гўзалликда таърифи йўқ” деган маънони англатади.
Ушбу маҳалланинг Ҳаёт қишлоғида яшовчи Омонбой ва Ихтиёр Анжировларнинг ҳар бири 19 ўринли меҳмон уйларини қуриб фойдаланишга топширилган. Ушбу меҳмон уйларида сайёҳлар учун ҳамма қулайликка эга шинам хоналар ҳамда замонавий талаб ва тамойилларга жавоб берадиган шароитлар ҳозир қилиб қўйилган. Интерьерлар миллий қадриятларга хос равишда безатилган.
Мабодо, меҳмонлар ҳақиқий шарқона ҳолатда, яъни шу қишлоқ удумига кўра дам олишни хоҳлашса, бунинг учун ҳам миллий услубда безатилган хоналар ҳам тайёрлаб қўйилганлиги алоҳида таҳсинга лойиқ.
Ҳаёт қишлоғига келган сайёҳлар дам олишдан ташқари тоғларга чиқиб, машҳур Паррандоз ва Бешбармоқ тоғ чўққилари манзараларидан баҳраманд бўлишлари, от-уловда бемалол автотранспорт воситалари чиқа олмайдиган жойларга сайр қилиш имконияти яратилган.
Жумладан, баланд тоғ дарасидаги қадимий аждодларимиз томонидан битилган қоя суратлари, яъни петроглифларни ҳам айнан шу беминнат от-уловлар ёрдамида кўтарилиб, ушбу петроглифларни ўрганишлари, томоша қилиб қайтишлари мумкин.
Ўхум ва Ҳаётбоши қишлоқлари ўртасидаги баланд тоғ тепасига ўрнатилган кузатув майдончасига ёки замонавий тилда “Селфи зона” га чиқиб, юқоридан томоша қилишлари ва бу гўзал, бетакрор кўринишларни видео, фото ёки уяли телефон аппаратлари камераларига муҳрлаб олишлари ва албатта, мусаффо тоғ ҳавосидан тўйиб-тўйиб, маза қилиб нафас олишлари мумкин эканига ўзимиз гувоҳ бўлдик.
Меҳмон уйи “Нурота тоғ қўриқхонаси”нинг чегарасида жойлашган. Бу ерда қўриқхона ходимлари томонидан қизил китобга киритилган “Қизилқум архари” деб аталадиган жониворлар учун махсус вольер ёки оддий қилиб айтганда парваришхона ташкил этилган. Унинг майдони 16 гектарни ташкил этади. Саёҳат ихлосмандлари учун бу ажойиб оҳуларни табиат қўйнида эмин-эркин юрганларини кузатиб, ўзларини ёввойи табиат қўйнига тушиб қолгандек ҳис қилиш имконияти мавжудлиги бизни ҳам ҳайратда қолдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BXtSuqSkJQ8" title="Ўхумга яна боргим келяпти" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
“Ўхум” маҳалла фуқаролар йиғинидан унча узоқ бўлмаган Айдар – Арнасой кўллар тизими сув ҳавзасига тушиб кўлда чўмилиш, қирғоқлари бўйлаб ёки моторли қайиқларда кўл ичкариси узра сайр қилиш ҳам инсонга олам-олам завқ бағишлаб, мавж уриб турган мовий сувдан дилингиз яйраб, олам-олам завқ олар экан киши.
Ўхумликлар, бу ерга келган киши, яна қайтиб келгиси келаверади, деб айтишганича бор экан. У ердан кечагина шаҳарга қайтдиму, лекин бугун яна Ўхумга боргим келяпти.
А.ҚАЮМОВ (видео), ЎзА