Отуш – кўчатчилар маҳалласи
Эрта баҳордан Асаканинг Ахтачи қишлоғидаги Отуш маҳалласидан узоқ-яқиндан келувчиларнинг қадами узилмайди. Чунки ушбу маҳалладаги оилаларнинг барчаси кўчат етиштириш билан шуғулланади.
Эрта баҳордан Асаканинг Ахтачи қишлоғидаги Отуш маҳалласидан узоқ-яқиндан келувчиларнинг қадами узилмайди. Чунки ушбу маҳалладаги оилаларнинг барчаси кўчат етиштириш билан шуғулланади. Шу боис, бу ердан нафақат Андижон, балки Наманган, Фарғона, Ўш, Самарқанду Жиззахдан келиб кўчат олиб кетадиган доимий мижозлар бор. Қолаверса, кўпчилик Отуш маҳалласини кўчатчилар маҳалласи сифатида яхши билади.
Маҳалладаги барча оилалар ўз томорқасида иссиқхона барпо этган. Аҳоли томорқадан унумли фойдаланиш, халқимиз дастурхонини иссиқхонада пишиб етиладиган турли ноз-неъматлар билан тўлдириш, уруғ ва кўчат етиштириш орқали кўп йиллардан буён катта даромад олиб келади. Миришкор деҳқон учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат йўқ. Томорқа соҳибининг самарали меҳнати, интилиши, изланиш билан нафақат унинг ўзи, балки жамият ҳам манфаат кўради. Буни айнан отушлик миришкор деҳқонлар фаолияти мисолида кўриш мумкин.
– Айни кунда маҳалламиздаги ҳар бир оила томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олади, – дейди “Отуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турғунбой Қўлдошев. – Аҳоли томорқасидаги иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминлаётган бўлса, помидор, булғор қалампири, қалампир, бақлажон, бодринг, шунингдек, турли гул ва мевали дарахт кўчатлари вилоятимиздаги аҳоли хонадонларига, фермер хўжаликларига экиш учун етказиб берилмоқда.
Отуш маҳалласидаги мавжуд 703 хонадоннинг барчасида иссиқхоналар бўлиб, уларнинг умумий майдони 38,6 гектарни ташкил этади. Маҳаллада иссиқхонадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кўчат етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Миришкорлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин помидор, бодринг, зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади.
– Оилавий кўчат етиштириш билан шуғулланамиз, – дейди Отуш маҳалласида яшовчи Бозорбой Собиров. – Умумий майдони 30 сотих бўлган 16 та иссиқхонада помидор, булғор қалампири, бодринг кўчатлари етиштирамиз.
Кўчат етиштириш жуда нозик иш. Уруғдан чиққан кўчатлар салафан идишчаларга экиб чиқилади. Кўчатларга қаров, ишлов беришда ҳар бир жараён ўз вақтида бажарилиши, иссиқхонанинг ҳарорати бир хил даражада ушлаб турилиши керак. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Масъулият, эътибор билан тинимсиз меҳнат қилиш керак. Шундагина сифатли кўчатлар олинади. Кўчат бақувват бўлса, харидори кўп бўлади.
Оиламизнинг 9 нафар аъзосидан ташқари, маҳалламиздаги 4 нафар киши доимий ишлайди, февраль-апрель ойларида эса 20 нафардан ортиқ кишини мавсумий ишларга жалб этамиз. Доимий ишловчилар 1,5-2 миллион сўм, мавсумий ишчиларимиз эса 1 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи олади.
Деҳқончилик билан шуғулланиб, кам бўлмаяпмиз. Йилига 35-40 миллион сўм даромад топамиз. Даромадимиз турмушимизга барака келтирмоқда, янги-янги уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз.
Шу маҳаллада яшовчи асли мутахассислиги агроном бўлган Бахтиёржон Аҳмедов кўп йиллик тажрибалар асосида бодрингнинг янги навини яратди. Икки йил давомида янги нав уруғидан кўчат етиштириб, ўз иссиқхонасига экиб, юқори ҳосил олишга эришди. Ушбу нав совуққа нисбатан чидамлилиги, серҳосиллиги, маҳаллий шароитга мослиги билан Голландия, Туркиядан келтирилаётган бодринг уруғларидан устун жиҳатларга эга эканлиги маълум бўлди.
Эндиликда Б.Аҳмедов ушбу нав кўчатини етиштириб, вилоятдаги кўплаб иссиқхоналарга, аҳоли хонадонларига етказиб бермоқда.
Ер – хазина, ундан унумли ва самарали фойдаланилса, инсонга беҳисоб неъматлар, катта бойлик беради. Айниқса, ўз томорқасида иссиқхона барпо этиб, кўчат етиштираётган, йилига икки-уч марта ҳосил олиб, даромад топаётган миришкорлар меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтса арзийди.