ОТМларга қабул бу йил қандай бўлади? (+видео)
Жиззах давлат педагогика университетида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида “Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул ва кириш имтиҳонларидаги янгиликлар: очиқлик ва шаффофлик” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Жумладан, “Аввал тест, сўнг танлов” тамойили, давлат буюртмаси параметрларини давлат ОТМлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниши, шунингдек, таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тугатгандан кейин камида 3 йил ишлаш мажбурияти бекор бўлаётгани, абитуриентларни адолатли саралаш таъминланиши, энг иқтидорли ва билимлиларнинг ўқишга қабули амалга оширилиши таъкиданди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги фармонига кўра, 2024-2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 5 июнь кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади, – деди ЖДПУ ректори, профессор Ш.Шарипов. – Бунда абитуриентларга фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишлар учун тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлаш, ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар учун юқоридагиларга қўшимча равишда бакалавриат таълим йўналиши ва ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаш имконияти яратилади. Шунингдек, рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг ижодий имтиҳонлар, сўнгра тест синовлари ўтказилади.
– Тест синовлари барча ҳудудларда тўлиқ якунлангач, абитуриент “Аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида танлов имкониятига эга бўлади, – деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи И.Ҳотамов. – 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб, 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича 5 тагача олийгоҳни танлаши мумкин.
Тадбирда ЖДПУ қабул комиссияси масъул котиби, университет проректори С.Назарқосимов, янги очилиши кўзда тутилган йўналишлар, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар ва улардан кимлар фойдалана олиши, магистратура ва докторантурага айрим йўналишларда хорижий тил билиш сертификати “В1” даражага пасайтирилиши,таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилиниши ҳақида батафсил маълумотлар берди.
[gallery-17950]
Матбуот анжуманига университет Регистратор офисида ташкил этилган “Call-cеntеr”га қилинган пресс-тур якун ясади. Иштирокчилар у ерда яратилган шароитлар,маслаҳат марказидаги операторлар фаолияти билан яқиндан таништирилди.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/tiJXIOII9mE" title="OTMlarga qabul bu yil qanday boʻladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволарга батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари