Ўзбек романчилигининг асосчиси, атоқли адиб Aбдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи Бишкекда чоп этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур асарни қирғиз тилига Учқун Aбдилазизов ўгирган.
“Улуу тоолор” нашриёти томонидан босмага тайёрланган китобга Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб ва таржимон Самидин Стамбеков муҳаррирлик қилган.
Романнинг қирғизча нашрига атоқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов сўзбоши ёзган бўлиб, унда жумладан, қуйидаги сўзлар бор:
“Ўзбек адабиётида юзлаб романлар ёзилди. Уларнинг орасида мақтаса арзийдиган, талай чет тилларга ўгирилганлари бор. Бироқ шунга қарамай, “Ўткан кунлар” романи бошқача. Aгар шундай деб айтиш мумкин бўлса, мен бу романни “Ўзбек халқининг паспорти” деб атаган бўлардим”.
Айтиш керакки, "Ўткан кунлар" романи дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган асар. Машҳур шарқшунос олим Евгений Бертельс Қодирийнинг ушбу ўлмас асари ҳақида қуйидаги қимматли фикрларни билдирган эди:
"Жаҳон адабиётида услуб жиҳатидан фарқ қиладиган бешта романчилик мактаби сайқалланиб кўзга ташланиб туради. Улар инглиз, француз, немис, рус ва ҳинд романчилик мактабларидир. Энди олтинчи романчилик мактаби яратилди. Бу мактабни яратган Абдулла Қодирийдир."
Чиндан ҳам, "Ўткан кунлар" романи ғоят бебаҳо асар.
Н.Усмонова, ЎзА