Адабиётимизни Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Бу асарни ўқиган китобхон борки, ундаги қаҳрамонлар, жумладан, донишманд, вазмин, узоқни кўра оладиган Юсуфбек ҳожи, ўзига бино қўйган, гарчи димоғи баланд, чала думбул феълли бўлса-да, мудом фарзандининг бахтини ўйловчи Ўзбек ойим, мард ва мулоҳазакор, олижаноб Отабек, латофатли, зукко Кумуш, Мирзакарим қутидор, Офтоб ойим каби қаҳрамонлар чиндан ҳам ҳаётда бўлганми, деб ўйлаши табиий.
Ҳар ҳолда бугунги одамлар муомала-муносабати ўртасидаги самимиятга, ўзаро ишончга бироз дарз кетган бир даврда Отабекнинг муҳаббат изтиробида довонлар оша Тошкентдан олис Марғилонга муттасил қатнаши, ўз жонини, ҳаётини хатарга қўйиб, ўлим билан рўбарў келиши кўпларимиз учун эришдек туюлади. Шунданми, Отабек ва Кумуш, умуман, “Ўткан кунлар” романидаги персонажларнинг аксариятини тўқима, ёзувчи хаёлот оламининг ижодий маҳсули, деб ўйлаган китобхонлар оз эмас.
Ёзувчи Абдулла Назар қаламига мансуб “Ўткан кунлар”даги Юсуфбек ҳожининг зурриётлари” номли китобда ушбу саволга очиқ ойдин жавоб топиш мумкин. Китоб муаллифига бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
– Абдулла ака, аксарият китобхон Отабек ва Кумуш, умуман, уларнинг оила аъзоларини тўқима қаҳрамонлар, деб ўйлайди. Сизнинг китобингизда бу мавзу очиқланиб, Қодирий романидаги персонажлар реал ҳаётда бўлгани ҳақида сўз боради...
– Чиндан ҳам “Ўткан кунлар” романидаги қаҳрамонлар реал ҳаётдан олинган. Маълумки, романда келтирилган тафсилотлар бўйича Кумушнинг вафотидан сўнг, унинг ўғли Ёдгорбекни Мирзакарим қутидор ва Офтоб ойим Марғилонга олиб кетадилар. Отабек вақти-вақти билан Ёдгорбекдан хабар олиб туради. Ўғил вояга етгач, Марғилондаги зукко қизлардан бири Ҳамробибига уйланади. Отабекнинг фарзанди Ёдгорбек ўтган асрнинг 19-20 йилларида юрт бошига келган оғир очарчилик, қаҳатчилик даврида ҳаётдан кўз юмади. Ҳамробиби уч нафар фарзанди билан бева қолади. Фарзандлардан бири Холбек Ёдгоров миллий журналистикамизнинг етакчи вакили бўлиб камолга етади. У Марғилон шаҳрининг Гўраввал маҳалласида 1914 йилда таваллуд топган. Дастлаб Марғилондаги мактаб-интернатда, кейин Каттақўрғондаги педагогика билим юртида, сўнгра Тошкент педагогика институтида таҳсил олади. Узоқ йиллар давомида “Ўзбекистон овози” (ўша пайтларда “Совет Ўзбекистони”) газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фидокорона меҳнат қилади. У ўсмирлигидан ижодкорлар даврасида эди. Масалан, Каттақўрғондаги педагогика билим юртида Мирзакалон Исмоилий билан бирга таҳсил олади. Журналист Рихси Сахибоев билан қалин дўст эди. Моҳир журналист Рихси Сахибоев ўз даврида Ўзбек телеграф агентлиги – ҳозирги ЎзАда ҳам раҳбарлик вазифасида меҳнат қилган. Холбек Ёдгоров ўз ижод намуналари билан республика нашрларида фаол бўлган. 1934 йилда “Ёш ленинчи” газетасида “Қишлоқ мухбири Холбек Ёдгоров диққатига! Ушбу эълонни ўқишингиз билан кўч-кўронингизни ортиб, тезда Тошкентга келинг! Сизни ишга қабул қилдик!” деган эълон чиқади. Ўша йиллари газетанинг бош муҳаррири бўлган Акмал Пўлат ёш ижодкорни шу тарзда Тошкентга ишга таклиф қилганди. Холбек Ёдгоровнинг Отабекнинг невараси эканидан хабардор адабиётшунослар ҳам бўлган, лекин шўро даврида бу маълумотнинг очиқланиши яхшиликка олиб келмасди. “Ўткан кунлар”даги Юсуфбек ҳожининг зурриётлари” китобида буни имкон қадар акс эттиришга ҳаракат қилганман.
– Юсуфбек ҳожи зурриётларига доир шажарани ҳам тиклашга ҳаракат қилган экансиз. Бунга қандай эришдингиз?
– Аслида Холбек Ёдгоров менга қайнота бўладилар. Мен у кишининг Ёрқиной исмли қизлари билан оила қурганман. Шўролар замонида Қодирий ҳам, унинг “Ўткан кунлар” романи ҳам, ундаги қаҳрамонлар ҳам деярли ёпиқ мавзу эди. Шу сабабли асар қаҳрамонлари ҳақидаги маълумотлар халққа умуман очиқланмаган. Мен узоқ йиллар давомида Юсуфбек ҳожи, Отабекнинг авлодлари ҳақида тўлақонли маълумотлар тўплашни ният қилгандим. Гарчи ички ишлар тизимида хизмат қилиб, ҳозирда нафақада бўлсам-да, ҳуқуқшунослик касбим архив идоралари, улардаги материаллар билан анча вақт синчиклаб ишлашга тўғри келди. Бу Холбек Ёдгоров билан бирга Ёдгорбекнинг бошқа авлодларининг исми, улар ҳақидаги маълумотлар, фотосуратларни топишда катта аҳамият касб этди.
– Журналист Холбек Ёдгоров, яъни Отабекнинг невараси ҳақида нималар дея оласиз?
– Холбек Ёдгоров Акмал Пўлат, Шароф Рашидов, Зиёд Есенбоев, Рихси Сахибоев, Мақсуд Қориев каби матбуотимиз дарғалари билан бевосита биргаликда меҳнат қилиш, уларнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлиш бахтига муяссар инсон эди. У бир нечта хорижий тилларни пухта билган. Дастлаб “Ёш ленинчи” газетасида, кейинчалик то умрининг охирига қадар “Совет Ўзбекистони” газетасида самарали меҳнат қилди. Ишга ҳалол ёндашиш, журналистикадек касбнинг обрўси ва мавқеини баланд тутиш, бадиий публицистика, очерк, фельетон, репортаж ва бошқа ранг-баранг жанрларда равон, таъсирчан тарзда ёза олиш, ижтимоий масалаларга тўлиқ ечим топишга эришиш унинг фаолиятида устувор эди. Миллий матбуотнинг тараққиёт йўли, 500 дан ортиқ матбуотчилар, журналист, мусаҳҳиҳ, фоторепортёрлар, кўплаб ижодкорлар, ноширлик соҳаси ишчиларининг ҳаёти, фаолиятини ўзига қамраб олган “Нурли йўл”, газета таҳририятлари ишига оид “Ҳаёт тўлқинлари” каби китобларнинг муаллифи эди. Бу китоблар ҳали ҳам журналистика соҳасида таҳсил олаётган талабалар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Тиниб-тинчимас журналист, турли мавзуларда бемалол катта маҳорат билан қалам тебрата оладиган ижодкор “Ёнмоқ керак, ёзмоқ керак” деган ҳикматга умр бўйи амал қилиб келганди. Ўз даврида юрт етакчиси Шароф Рашидов Миллий университетга – ўша пайтдаги ТошДУга ректорлик вазифасини таклиф этганларида, Холбек Ёдгоров бу таклифни рад этган эканлар. Бу эса ижодкорнинг мансаб ва лавозимларга қизиқмаслиги, журналистикани ҳамма нарсадан устун қўйганини англатади. Холбек ака пойтахтимиздаги 3-Қўрғонча кўчасидаги 17-уйда яшаганлар. Бу кўча бир пайтлар Холбек Ёдгоров номи билан юритиларди. Мазкур кўчага миллий журналистикамиз ривожига ҳисса қўшган инсоннинг номи қайтадан берилса, айни муддао бўларди.
Холбек Ёдгоров сўзга заргарона ёндашадиган, материал мавзусини топишдан унинг яратилишигача, ҳатто сарлавҳаларни ҳам ғоят катта маҳорат билан танлашга эътибор қаратадиган, газетанинг босмахонадан бенуқсон, хатосиз чиқиши йўлида жон куйдирган заҳматкаш журналист, одамгарчилиги, имон-эътиқоди бутун, ҳалол, меҳрибон инсон эди. “Журналист – ҳаёт жарчиси”, “Қунтсиз қалам – нурсиз олам”, “Журналистнинг иш соати йўқ, кун-тун ўйлайди”, “Журналист учун ҳар тонг – бир умр” каби ҳикматли иборалар айнан Холбек Ёдгоров каби фидойи ва заҳматкаш ижодкорлар сабабли юзага келган. Инсон сифатида ҳам ғоят бағрикенг, ҳалол, ўта масъулиятли, меҳнату қийинчиликлардан чўчимайдиган, рақам ва фактлар билан бенуқсон ишлайдиган, саховапеша, кўнгли тоза шахс эди. Ахир бу жиҳатлар бугуннинг журналистикаси учун ҳам ҳамон долзарб-ку! Умуман олганда, Юсуфбек ҳожининг зурриётлари билан боғлиқ ўрганиш ишларини яна давом эттириш ва бу борада батафсилроқ маълумотлар жамланган яна бошқа китоб тайёрлаш ниятимиз ҳам бор. Чунки, аниқлаган маълумотларимиз бўйича уларнинг бари зиёли, юртга нафи тегадиган, солиҳ фарзандлар бўлиб камолга етганлар. Адабиётнинг ҳаёт билан уйғунлигини кўрсатиш унинг жозибадорлигини оширишда, китобхонлик маданиятини янада юксалтиришда, асарнинг чинакам бадиий қийматини ўқувчига етказишда муҳим аҳамият касб этади.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.