Германия – таълим ва касбга йўналтириш, фан ва илмий тадқиқот давлати. Бу диёрдан бир неча Нобель мукофоти лауреати, илмий изланишлари билан улкан ютуқларни қўлга киритган кўплаб олимлар етишиб чиққан.
Маълумотга кўра, дунёнинг “ТОП-1000” рўйхатидан ўрин олган олий таълим муассасалари сони бўйича Германия дунёда учинчи ўринни банд этган. Аҳамиятли жиҳати, олмон университетларида маҳаллий талабалар қатори чет элликлар учун ҳам бепул олий таълим имконияти мавжуд. Табиийки, мамлакатда хусусий ўқув муассасалари ҳам бисёр.
Мамлакатимизда 12 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон – Германия ҳафталиклари ўтказилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида Тошкентдаги Гёте институтида ташкил этилган ахборот тадбирида Германия Aкадемик алмашинуви хизмати – “DAAD” жамоаси томонидан Германияда ўқиш, илмий изланиш олиб бориш ҳақида, жорий этилган стипендиялар хусусида батафсил маълумот берилди.
Германияда айни пайт бакалавр ва магистр шаклида жами 22 минг ўқув йўналиши мавжуд. Глобаллашув давридан келиб чиқиб, мунтазам равишда янги йўналишлар ҳам очилади. Аксарият олий ўқув юртларида назария ва амалиёт уйғун олиб борилади. Бугунги кунда ГФР олий таълим даргоҳларида таълим олаётган уч миллионга яқин талабанинг 411 мингдан зиёди хорижлик. Чет эллик ёшлар, асосан, муҳандислик, ҳуқуқий, ижтимоий, гуманитар, аниқ ва табиий фанларга кўпроқ қизиқиш билдиради. Улар орасида энг кўпи хитойлик ва ҳиндистонлик.
“DAAD” халқаро талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини молиялаштирувчи дунёдаги энг йирик ташкилот ҳисобланади. Германия ва “DAAD” Ўзбекистонни ҳамкорлик учун жуда муҳим давлат сифатида эътироф этади. Масалан, 2022 йил 350 га яқин ўзбекистонлик талаба, ўқитувчи ва тадқиқотчи “DAAD” стипендияси орқали Германияда таҳсил олиш имконига эга бўлди. Ушбу халқаро ташкилотнинг тўрт нафар ўқитувчиси ва бир нафар ёрдамчи ўқитувчиси мамлакатимиздаги университетларда дарс беради.
“DAAD” хизматининг Самарқанд давлат чет тиллар институтидаги лектори Антон Умбах ҳам уч йилдан буён юртимиз талабаларига немис тилидан дарс бериб келади. Унинг бошқарувидаги имтиҳон маркази томонидан, асосан, ёшларни Германия олий таълим даргоҳларига тайёрлаш ва қабул қилиш учун махсус тест ўтказилади. Шу асосда марказ тақдим этадиган халқаро рухсатнома Германиядаги университетларга кириш учун лозим бўладиган асосий ҳужжат саналади.
– Германия академик алмашинув дастури нафақат таълим, балки таклиф қилинаётган ёшлар учун ГФРдаги мавжуд стипендиялар ҳақида ҳам маълумот беради, – дейди Антон Умбах. – Германияда таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари сафи кун сайин кенгаймоқда. Бу маҳаллий ўғил-қизларнинг таълим олишга, энг замонавий билим ва кўникмани эгаллаган ҳолда, кучли мутахассис бўлиб етишишга интилишидан дарак. Юртингиз ёшлари муҳандисликка, гуманитар фанларга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Шу кунларда Ўзбекистон раҳбарининг Германияда бўлиши ҳам икки томонлама алоқалар, хусусан таълим соҳасидаги ҳамкорлик янада равнақ топишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташрифдан икки давлат ҳам салмоқли натижалар кутяпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/A7J52ptXa4A" title="Ўтган йил 350 нафар ҳамюртимиз Германияда таҳсил олди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe> Гўзал Сатторова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА