Ислом оламида Бухоро бежиз «Қуббатул Ислом» ؘ«Ислом гумбази» деб сифатланмайди. Шаҳарнинг 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши бу муқаддас замин ва унда яшаб ўтган олимларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасининг яна бир тасдиғи сифатида қабул қилинади.
Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқлар Ўрта Осиё ва жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутиб келган.Юртимиздан етишиб чиққан уламолар, ҳар соҳанинг тадқиқотчи ва кашфиётчилари дунё илм-фан тараққиёти йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
Бухоро шаҳрига хос бир жиҳатни таъкидлаш зарур. Бу кўҳна кентда кўплаб зиёратгоҳлар мавжуд. Ислом цивилизациясини равнақ эттириш катта роль ўйнаган кўплаб азиз авлиёлар, пирлар ва устозларнинг хоки пойи абадий қўним топган.
Нарзулла Йўлдошев қаламига мансуб 1993 йили «Бухоро» нашриётида чоп этилган «Бухородаги айрим авлиёлар тарихи» китобидаги ҳикояларнинг бирида XIV-XV асрларда ўзи Волга бўйидаги Булғор шаҳридан бўлиб, тақдир тақозоси билан Бухорога келиб қолган Хожа Булғорий ҳақида сўз боради.
Хожа Булғорий Волга бўйидаги Булғор шаҳри хонининг ўғли – шаҳзода бўлган. Отаси билан чиқиша олмай, Бухорога келиб, бир гузарда масжид ёнида хонақоҳда кўп йиллар яшаган. У бухороликларга «чарми булғори»ни қандай қилиб ишлаш усулини ўргатган. Халқ орасида обрўси ортиб, ҳурмат қозонгани учун Хожа Булғорий деб аталиб, асл исми унутилиб кетган. Унинг номи билан аталган гузар ҳам кейинчалик «Хожа Булғорий гузари» бўлиб кетган.
XX аср бошларида гузарда 64 та хонадон аҳли яшар эди. Гузар аҳлининг кўпчилиги, кавушдўзлик, маҳси ва этикдўзлик билан шуғулланган. Тахминан IX-X асрлардан буён, эҳтимол ундан ҳам олдинроқ бошланган чармгарлик ва чармдан (кўндан) оёқ кийимлар ишлаб чиқариш XX аср бошларигача анъана сифатида шу маҳаллада давом этиб келганлигини кўришимиз мумкин.
Булғор шаҳри Ўрта асрларда энг йирик савдо марказларидан бири бўлган. Бу шаҳар сифатли чарм (кўн) ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган. В.Бартолд ёзишича, «Булғорий этиклар» ташқи савдо маҳсулотларидан бўлиб, Туркистонда шуҳрат қозонган. IX-X асрларда Волга бўйидаги икки хонлик – Итил ва Булғор хонликлари билан сомонийлар давлати савдо алоқаларини олиб борганлар. Савдогарлар у ерларда сифати юқори бўлган ошланмаган терилар, қўйлар ва ёввойи ҳайвонларнинг мўйналарини сотиб олганлар.
Бухорога ҳам булғори чармлар дастлабки пайтларда ўша шаҳардан келтирилган, кейинроқ бу чарм Бухоронинг ўзида ишлаб чиқарилган. Хожа Булғорий юқоридаги гузарда бўлган ҳужралардан бирида кун кечириб, ўша ҳужрада вафот этган. Шу ҳужра ёнида дафн этилган. Бир қанча вақт ўтгач, ўша маҳалладаги бир киши савоб учун унинг қабрига сағана ўрнатган ва туғ кўтарган.
Муллозода китобида Хожа Булғорий мозори ҳақида маълумот берилади. Демак, руҳонийлар ва зиёратчилар унинг номини унутган бўлсалар ҳам, аммо Муллозода XV асрда Бухоро шаҳрида «Муқаддас жойлар ва уларнинг эгалари» ҳақидаги китобида Хожа Булғорнинг асл номи Ҳасан эканлигини ёзади. Демак, Хожа Ҳасан Булғор XV асрдан анчагина олдинроқ, Киев Руси давлати пайдо бўлган ва ривожланган даврларда Волга бўйида Булғор давлати ҳам мавжуд бўлган даврларда Бухорога келган бўлиши мумкин.
Демак, Ҳасан Булғор тахминан X-XII асрларда Бухорога келган бўлиши мумкин. XIII-XIV асрларда унинг келиши мумкин эмас эди. Чунки бу пайтларда мўғуллар Булғор хонлигини тамомила тор-мор этиб, у ерларни эгаллаган ва шаҳарни ер билан яксон қилган эдилар.
Хожа Ҳасан Булғорий қабрини фақатгина чармгарлар зиёрат қилибгина қолмай, бошқа диндорлар ҳам зиёрат қилганлар. Турли касалликдан қутқарувчи авлиё сифатида унга ихлос боғлаганлар. Аммо тарихий манбаларнинг кўрсатишича, Хожа Булғорий ҳеч қандай табиб ёки жарроҳ ўтган эмас. У мусофирлик, дарбадарликда ўз кунини зўрға ўтказиб, камбағалликда вафот этган. Вафот этгандан кейин уни умумий қабристонга элтиб қўювчилар топилмаган ёки бундай қабристоннинг ери олдинроқ сотиб олинганлиги учун уни ҳужраси ёнида дафн қилганлар. Буларнинг ҳаммаси унинг авлиёликдан анча узоқ эканлигидан дарак беради.
Хўш, уни нега кўнчиларнинг пири деб атаганлар. Чунки, у чармгарларнинг айримларига «булғор чарм» пишириш технологияси ва ишлаш методларини ўргатган. Шунинг учун уни вафотидан кейин кўнчиларнинг маҳаллий пири дейишган.
Хулоса қиладиган бўлсак, ҳикоядан маълум бўладики, Хожа Ҳасан Булғорий булғор чарми маҳсулотларини Бухорога киритган, бошлаб гузар, сўнгра Бухоронинг кўпчилик аҳолиси ишончини қозонгани, иқтисодиёт ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Халқ манфаати ва фаровонлиги учун хизмат қилган.
Ҳар нарса ривожининг асоси изланишда бўлгани каби Бухорога келиб қолган шаҳзода ўз изланишлари билан бегона халқ орасида обрў топди. Бухоро тарихи бундай афсоналарга бойдир. Тарихга қанчалик чуқур кириб борсак, шунчалик кўп очилмаган қирраларнинг гувоҳи бўламиз. Араб уламоларининг “من اتخذ العلم لِجامًا، اتخذه الناس امامًا” «Кимки илмнинг (қандай соҳа бўлишидан қати назар) жиловини тутса, одамлар уни ўзига пешво қилади» деган ҳикматли сўзлари замирида ибратли ҳаёт ҳақиқати ётади. Демак, тараққий этиш учун тарихимизни ўзлигимизни англашни кенг кўламда ривожлантирсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абдулбосит МАМАДАЛИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими