Отабой ота Амонов 100 ёшга тўлди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги байрами олдидан Отабой ота Амоновнинг 100 ёшлик юбилейи ўтказилди.
Тумандаги “Оқсарой” тантаналар мажмуасида ўтказилган ушбу тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев, секторлар, вилоят ва тумандаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, фронторти меҳнат фахрийлари Отабой Амоновнинг қариндош-уруғлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ғаллаороллик Отабой Амонов ўрта мактабни тугатар-тугатмас қўлига қурол олиб, 1942-1949 йилларда Украина фронтида, Венгрия, Польша, Руминия давлатларида кечган қонли урушда қатнашди. Фидокорлиги ва урушда кўрсатган жасорати учун собиқ иттифоқнинг турли орден ва медаллари, Ватанимизнинг юксак мукофотлари “Шон-шараф” медали ва “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Урушдан сўнг, тиклаш, таъмирлаш, қайта қуриш ишларида иштирок этди. 1949 йилдан Отабой бобо киндик қони тўкилган Ғаллаорол заминига қайтиб, қарийб 36 йил туман сув хўжалигида оддий ишчи ходим бўлиб фаолият юритди.
Умр йўлдоши Ойзода момо билан 66 йил бирга яшаб, 8 нафар фарзандни вояга етказди. Бугунги кунда бу пиру бадавлат нуронийлар фахр ва файз билан 60 нафар невара, 100 дан ортиқ эвара ва чеваралар ардоғида яшамоқда.
Ҳозирда фарзандларининг барчаси халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилиб, эл корига яраб, мамлакатимиз иқтисодиёти равнақи йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.
Тинчлигимиз, осуда ҳаётимизни таъминлашда ўз жонини аямасдан жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Отабой бобо Амоновнинг 100 ёшли юбилейи муносабати билан вилоят ҳокими Эргаш Салиев Президентимиз табригини, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида берилаётган 15 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, “Мустақиллик монументи” статуэткаси ҳамда вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларини тантанали равишда топширди.
Шундан сўнг, Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолитдин Оқбоев, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Ташпулатов ва бошқалар уруш фахрийсини юбилей билан қутлаб, ўзларининг қимматбаҳо ва эсдалик совғаларини топширди.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг 100 ёшли юбилейига бағишланган байрам тадбирида ҳарбий оркестр ижросидаги марш садолари, вилоят саънаткорлари ва иқтидорли ёшлар томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиш, уларга Президентимизнинг байрам табригини ва совға-саломларини етказиш ишлари Жиззах вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА.