SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг Тошкент шаҳар филиали томонидан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва болаларни ҳимоя қилиш, уларга ҳамроҳлик қилиш усуллари: SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари тажрибаси мисолида” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг Тошкент шаҳар филиали директори Дилором Муҳамедраҳимова ўз сўзида бугунги кунда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил, оилавий шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб мавзуси эканлигини таъкидлаб ўтди.
– Бугунги кунда SOS болалар маҳалласида 82 та узоқ муддатда яшайдиган болалар бор, – дейди Тошкент SOS болалар маҳалласи ижтимоий ходими Лола Рихсиева.
– Яъни улар вояга етгунларича маҳалламизда яшаш ҳуқуқига эга болалар. Ундан ташқари битта уйни қисқа муддатга ғамхўрлик кўрсатиш учун очганмиз. Маҳалламизга бола 8 ойгача муддатга яшаб туриш учун қабул қилинади. Бу дегани отаси ёки онаси бор бўлса-ю, қанақадир муаммолар туфайли уйсиз, қийин вазиятга тушиб қолган бўлса ўша бола кўчада қолиб кетмаслиги учун қисқа муддатда марказда қолиши мумкин.
Болани қабул қилганимиздан сўнг унинг яқинлари – холаси, аммаси ёки амакилари билан иш олиб борамиз. Мақсадимиз бола бу ерда узоқ муддатга тушиб қолмаслигининг олдини олиш. Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, биз бирданига 3 нафар болани бир йилга қабул қилганмиз. Болаларнинг отаси ҳам онаси ҳам тирик. Онаси билан гаплашсак, ҳозир уларни олиб кетолмайман, болаларимга давлат яратиб бераётган шароитларни яратиб беролмайман, дейди. У билан тушунтириш ишлари олиб бордик. 3 йилда болаларини оиласига қайтардик. Ота-она тирик бўла туриб болалар нима учун шундай ташкилотларда юриши керак?
Тадбирда иштирок этган мутахассислар бугун Меҳрибонлик уйларидан болаларни васийликка олган айрим ота-оналарда болани тарбиялаш учун етарли билим, сабр-қаноат етишмаётганлиги сабабли она ва бола ўртасида тушунмовчилик бўлаётгани юзасидан мулоҳазаларини билдиришди. Натижада айрим ота-оналар болани меҳрибонлик уйига қайтариш истаги билан чиқаётганлиги, уларни қийин вазиятга солиб қўяётгани таъкидланди.
Ушбу муаммони ечиш ва она-бола ўртасидаги тушунмовчиликни бартараф этиш учун болани васийликка олувчи шахслар билан индивидуал ишлаш, оила муҳитини ҳар уч ойда мониторинг қилиб бориш зарурлиги соха мутахассислари томонидан таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари SOS Болалар маҳаллалари тажрибасини ўрганишди ва шу билан бир қаторда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш борасидаги ишларни белгилаб олишди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА