Жамият ривожланишининг бугунги даражаси бир қатор мураккаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан тавсифланади. Бунда оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ғамҳўрлик, бир – бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзаро моддий ёрдам кўрсатиш каби масалалар муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади ва алоҳида долзарблик касб этади.
Бугунги кунда иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашиб бориши дунёдаги кўплаб мамлакатларда бўлгани каби, оила ва никоҳ институтининг жиддий ўзгаришларга учрашига ҳамда бу масалаларда кишиларнинг тасаввурлари турлича кўриниш ҳосил қилишга олиб келмоқда. Глобал ахборот майдонининг кенгайиб бориши, турли хилдаги қарашлар ва ёндашувларнинг кириб келиши таъсирида оилавий қадриятлар соҳасида алоҳида ҳуқуқий механизмлар ва қоидалар яратишни тақозо қилмоқда.
Ота-онанинг ўз фарзандларига улар вояга етгунига қадар ғамхўрлик қилиши, уларни моддий томондан таъминлаши ҳамда таълим ва тарбия бериши ўзига ахлоқий ва ҳуқуқий мажбурият саналади. Ахлоқий нуқтаи назаридан ота-онанинг ўз фарзандини вояга етгунига қадар боқиб тарбиялаши диний инсонпарварлик қадриятларига асосланса, ҳуқуқий жиҳатдан бу мажбурият қонунчилик даражасида мустаҳкамлангани билан белгиланади.
Зеро, дунёдаги барча динлар ҳам ота-она ўз фарзанди вояга етгунига қадар унга ғамхўрлик қилиш лозимлигини белгилайди. Ҳуқуқий жиҳатдан эса, ота-онанинг фарзандини моддий таъминлаши конституциявий қоидалардан келиб чиқади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.
Ушбу қоидалар халқаро ҳуқуқда ифода этилган нормалардан келиб чиқади. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 25-моддаси тирикчилик манбасини йўқотган шахсга моддий ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенциясининг 8-моддаси оилавий ҳаёт ҳуқуқини тан олади ва никоҳдан ажралиш ёки никоҳ бекор қилинган ҳолатларда давлатларнинг алиментини таъминлаш мажбуриятларини белгилайди.
Фуқаролик таомиллари тўғрисидаги Гаага Конвенциясида чет элда алиментни ундириш ва бу соҳадаги давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги қоидалар мавжуд. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси 27-моддаси болаларга етарли турмуш даражаси, шу жумладан ота-онадан моддий ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Халқаро Жиноят судининг Рим статутида баъзи ҳолларда алимент мажбуриятларини бажармаслик инсониятга қарши жиноят деб тан олиниши мумкин. Алиментни халқаро ундириш тўғрисидаги Гаага Конвенцияси чет элда алиментни ундиришни соддалаштириш ва тезлаштириш, халқаро вазиятларда алимент тўлаш мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган.
Ота-оналарнинг алимент мажбуриятлари катта ижтимоий ва ҳуқуқий аҳамиятга эга, чунки улар болаларнинг моддий ва ижтимоий фаровонлигини таъминлашга қаратилган ҳисобланади. Зеро алимент мажбуриятлари болаларни овқатланиш, уй-жой, таълим, тиббий ёрдам ва бошқа жиҳатлардаги асосий эҳтиёжларини қондириш учун зарур моддий ресурслар билан таъминлайди. Бу болаларнинг соғлиғига, ривожланишига ижобий ҳисса қўшади ва турмуш кечириш учун энг яхши шароитларни таъминлайди.
Алимент тўловлари болаларга ҳатто ота-онаси ажрашган тақдирда ҳам барқарорлик ва одатий турмуш даражасини сақлашга имкон беради. Бу оилавий вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ салбий ҳиссий ва психологик оқибатларни юмшатишга ёрдам беради. Қолаверса, алимент маблағлари турли оилалардаги болаларга таққосланадиган турмуш даражасини сақлаб қолиш ва таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа имкониятлардан фойдаланиш имкониятини беради. Бу ижтимоий тенгсизликни камайтиришга ёрдам беради ва тенгликни таъминлайди.
Бундан ташқари, алимент мажбуриятлари, ҳатто никоҳ ва оилавий муносабатлар бузилган тақдирда ҳам, ота-оналарнинг фарзандлари учун жавобгарлик масъулиятини сақлаб қолади. Бу болалар ва ота-оналар ўртасидаги соғлом ва барқарор муносабатларни сақлашга ёрдам беради. Ажралиш ҳолатида ота-оналардан бири ўзини янада қийин молиявий аҳволга солиши мумкин. Алимент барқарорликни таъминлашга ва ёлғиз ота-оналик юкини енгиллаштиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддасига асосан ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори ҳақида айтадиган бўлсак, вояга етмаган болаларга ота-она томонидан таъминот учун бериладиган алимент миқдори улар ўртасидаги келишувда белгиланади. Агар ота-она бу борада келишувга эриша олмаган бўлсалар, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан белгиланади. Бунда суд алимент миқдорини ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан қуйидагича белгилайди:
- бир бола учун — тўртдан бир қисми;
- икки бола учун — учдан бир қисми;
- уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси.
Амалдаги Оила кодекси алимент миқдорини камайтириш ёки кўпайтириш мумкин бўлган ҳолатлар рўйхатини қатъий белгиламайди. Бироқ бунинг учун энг асосий ҳолат сифатида тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволи белгиланган. Яъни, вояга етмаган болага алимент тўлайдиган ота (она)нинг моддий аҳволи яхшиланиб, у кўпроқ иш ҳақи тўланадиган лавозимга ўтган бўлса, алимент миқдори ойлик иш ҳақига пропорционал тарзда ошади. Аксинча, ойлик иш ҳақи камроқ бўлган лавозимга ўтказилганда, вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент миқдори камайтирилиши мумкин.
Ота (она)нинг оилавий аҳволи ўзгариши, бошқа турмушидан фарзандли бўлишини англатадики, бу ҳолатда вояга етмаган болага тўланаётган алимент миқдори ўзгаради ва бунда ота (она) битта болага эмас, балки икки бола (уч ёки ундан ортиқ) учун алимент тўлайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 100-моддаси буйича ота-она нафақат вояга етмаган болаларига, балки вояга етган болаларига ҳам таъминот бериши зарур. Муайян шартлар мавжуд бўлганда, ота-онадан таъминот олиш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган болаларга ҳам тегишли ҳисобланади. Қонунчиликка мувофиқ, бундай шартлар вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатсизлиги ва ёрдамга муҳтожлиги ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунида меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар хусусидаги қоида белгиланган. Унга кўра, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминланиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўяди.
Ўз ота-онасидан алимент олиш ҳуқуқига вояга етган болалар агар улар I ва II гуруҳ ногирони сифатида эътироф этилган бўлсалар ҳақли ҳисобланадилар. III гуруҳ ногирони бўлган вояга етган болалар суд томонидан аниқ вазиятлар белгиланганидан сўнг алимент олиш ҳуқуқига эга бўлади.
III гуруҳ ногирони бўлган вояга етган болаларга алимент тўлаш учун асос бўлиб, уларнинг меҳнатга лаёқатсизлиги ҳисобланади.
Меҳнатга лаёқатсизлар жумласига умумий қоидага кўра 55 ёшга тўлган аёллар ва 60 ёшли эркаклар киради. Шу боис, назарий жиҳатдан ота-онадан алимент олиш ҳуқуқига мазкур ёш категориясидаги фуқаролар ҳам киради, бироқ амалиётда бундай ҳолат учраши кузатилмайди.
Ёрдамга муҳтожлик – вояга етган боланинг ўз ота-онасидан алимент тўланишини талаб қилиш ҳуқуқини берувчи иккинчи мажбурий шарт ҳисобланади. Амалдаги қонунчилик “ёрдамга муҳтожлик” тушунчасини ифодаламайди. Бироқ суд ушбу категорияни аниқлашда ҳар бир аниқ вазиятдан келиб чиқиб қарор чиқаради. Бунда вояга етган боланинг даромади Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган “расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлганда”, унга ота-она томонидан алимент берилиши асосли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 101-моддаси буйича ота-онанинг вояга етган болаларига тўлайдиган алимент миқдори агар вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар ва уларнинг ота-онаси ўртасида уларга алимент тўлаш ҳақида келишувга эришилмаса, алимент миқдори суд томонидан ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Мазкур ҳолатда тарафларнинг моддий аҳволи алимент тўланиши ва унинг миқдори белгилашнинг асосий шарти сифатида уни рад этиш учун аҳамият касб этмайди, бироқ агар алимент тўлашга мажбур тараф (ота (она))нинг ўзи яшаш учун етарли маблағга эга бўлмаган ҳолда алимент миқдори камайтирилиши мумкин, холос.
Оила кодексининг 103-моддасига асосан болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар масалаларида шуни айтиш мумкинки, ота-она нафақат болаларни моддий таъминланиши ёки бунинг учун алимент бериши лозим, балки болалар таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларни амалга ошириши лозим бўлади.
Бундай ҳолатлар қонунчиликда “фавқулодда ҳолатлар” сифатида баҳоланади. “Фавқулодда ҳолатлар” категорияси оила қонунчилигида фуқаролик қонунчилигидаги “фавқулодда вазиятлар” категориясидан фарқ қилишини қайд этиш лозим. Шарҳланаётган моддада ота-она фавқулодда ҳолатларда боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шартлиги белгиланган. Бунда фавқулодда ҳолатлар жумласига боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар киритилган. Масалан, бола касал бўлиб қолганда унинг соғлиғини тиклаш ва парвариш қилиш учун кетган сумма ҳамда боланинг даволаниши учун зарур бўлган дори-дармон харажатлари ота-она ўртасида тенг тақсимланиши зарур.
Қоидага кўра, болаларнинг таъминоти учун қўшимча харажатлар ота-она томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилиши зарур. Агар ота ёки она бундай харажатларни амалга оширишдан бош тортса, суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Пул билан тўланадиган қатъий сумма миқдори суд томонидан иш материаллари ўрганиб чиқилиб, боланинг соғлиғини тиклаш учун қилиниши лозим бўлган харажатлар, махсус парваришда бўлиши ва дори-дармонлар учун кетадиган суммадан келиб чиқиб белгиланади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Оила кодексининг 129-моддасида тарафларнинг ўзаро ихтиёрий келишуви асосида алимент миқдори ва уни тўлаш тартибини назарда тутувчи нормани киритиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
Зеро, ота-оналарнинг алимент мажбуриятларини такомиллаштириш комплекс ёндашувни, шу жумладан ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва тарбиявий тадбирларни талаб қилади. Бу болалар манфаатларини ҳимоя қилишга ва жамиятда адолатни ривожлантиришга ёрдам беради.
Баҳромжон ТОПИЛДИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
“Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори,
Юридик фанлари доктори
ЎзА