“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддаси.
“Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддаси.
Инсон туғилиб вояга етади, ота-онаси, яқинлари, атрофидаги инсонлар уни тарбиялаб, ўз йўлини топиши учун ёрдам қўлини чўзишади. Вояга етгач ўзи ҳам фарзандларини тарбиялаб, авлодлар занжирини давом эттиради ва кексайганда у ҳам яқинлари ёрдамига муҳтож бўлади. Мана шундай ҳаётий босқичларда жамият ва оилада ота-оналарга муносабат муҳим ўрин эгаллайди.
Ҳар қандай инсон бирор-бир мақсадга эришиш йўлида ҳаракат қилади. Бунда ота-онанинг фарзанд олдидаги ҳамда фарзанднинг ота-она олдидаги масъулияти муҳим ўрин тутади. Ота-она фарзандини вояга етгунга қадар боқишга масъул бўлса, фарзанд эса ота-онаси кексайган вақтида қарашга масъулдир.
Кайковус ўзининг “Қобуснома” асарида шундай ёзади: Ҳар киши ота-онанинг яхшилигини билмаса, бировнинг яхшилигига баҳо беролмайди ва ўз фарзандинг сени ҳурмат қилишини истасанг, сен ҳам ота-онангни ҳурмат қил, чунки сен ота-онанг ҳаққига нима иш қилсанг, фарзандларинг ҳам сенга шундай иш қилади. Ота-она ёши ўтган сари ҳолсизланиб, саломатлигида муаммолар юзага кела бошлайди, инжиқланиб, кайфиятлари тез-тез ўзгариб туради. Фарзандлар бундай ҳолатларни тўғри қабул қилиб, улар билан муносабатда самимий, мулойим ва ширинсухан бўлиши лозим. Уларни рози қилиш ва дуоларини олиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчидир.
Ўзбекистонда оила масалалари давлатимиз томонидан устувор сиёсат сифатида қаралмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги ва 66-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилган.
Халқимиз азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир ота-она ўзидан зурриёт қолдириш, солиҳ фарзандлар ўстиришни хоҳлайди.
Афсуски, гоҳида мамлакатимизнинг турли бурчакларида рўй бераётган нохуш воқеа-ҳодисалар ижтимоий тармоқларда ўз аксини топяпти. Уларнинг ичидан қайси ёлғон, қайси ростлигини ажратиб ҳам бўлмай қолди. Гоҳида оналарнинг фарзанди келажагига беписанд ва лоқайд ҳолда қараши, ўз боласини етти ёт бегоналарга топширган ҳолда ўзга юртларга жўнаб кетаётганлиги, фарзанд саналмиш олий неъматнинг қадрига етмай, уларга турли зиёнлар етказиши, ўз боласининг қотилига айланаётганини ҳам кузатяпмиз.
Ҳаётда шундай инсонлар борки, бошқаларнинг фарзандларини ҳам ўз фарзандидек кўриб, вояга етказади. Яна шундай аёллар борки, тирноққа зор, уларнинг юрагини фарзанд кўриш дарди азоблайди.Ўз қорнида тўққиз ой кўтариб, норасида гўдак дунёга келганида эса, уни ер-у кўкка инонмай, парвариш қилиш, келажагига умид билан қараб тўғри тарбия бериш ўрнига ҳаётда кайф-у сафога берилган аёлларимиз ҳам учраб турибди. Бу ҳолатлардан қалбимиз бир қалқиб тушади...Бундай залолатдан хавотирга тушамиз.
Бунинг асосий сабаби эса, оилада бурч ва масъулиятнинг йўқлиги, фарзанд тарбиясидаги камчиликлар, ота-онанинг ўз ҳуқуқлари доирасида мажбуриятларини ўз бўйнига олмаслигидир.
Бугунги кунда оддий бир ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак. Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.
Ҳақиқатан ҳам фарзанд тарбияси ҳаётий зарур масаладир. Ҳар бир оиладаги тарбия фарзанднинг гўдаклик давридан бошланади, фарзанд эса ҳаётининг кўп қисмини ота-онасининг бағрида ўтказади.
Умуман, ҳар қандай оиланинг мустаҳкамлиги, оилавий тарбиянинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан оилада қарор топган ўзаро муносабатларга, маънавий-ахлоқий иқлимга боғлиқ. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг Ҳадиси шарифларида айтилганидек: Ота-оналарнинг фарзандларига қолдирадиган энг катта мероси уларга берадиган таълим-тарбияси, гўзал одоби ва ахлоқидир.
Қарияларимиз ва нуронийларимиз маънавияти, ҳаётий тажрибаси билан ёшлар тарбиясига масъул эканлигини ҳис қилган ҳолда, ёшларга тўғаноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, бефарқ эмас – ҳамдард бўлиши жуда муҳим аҳамият касб этади.
Ислом динида фарзанд дунёга келгач, ота-она фарзандини ҳалол ризқ билан боқиши, болага чиройли ва маъноли исм қўйиши, имкони бўлса ақиқа, ўғил бола бўлса суннат қилиш, ҳамма фарзандларини бир хилда кўриш, фарзандларининг яхши кишилар билан дўст бўлишига эътибор бериш, болани одобли қилиб тарбиялаш, яхши ва ёмонни ажратишга, касб-ҳунар ва билим олишга ўргатиш, уйланиш ёшига етганида фарзандларини уйлантириши зарурлиги ҳақидаги бурч ва вазифалар белгиланган.
Айнан Бош қомусимизда ҳам ота-она ва фарзанд масъулиятига катта эътибор қаратилгани бежиз эмас. Мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг асл моҳияти инсонлар ҳаётининг бугуни ва эртасини обод этишдан иборатдир.
Моҳинур Қудратуллаева, ЎзА