Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бухоро вилояти Олот туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг туман бўлими психологлари томонидан ногиронлиги бор ва инклюзив таълимга жалб қилинган болаларнинг ота-оналари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад ота-оналарга фарзандларининг эҳтиёжларини тушуниш, уларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур кўникмаларни шакллантиришдан иборатдир.

Семинар-тренинг давомида психологлар томонидан фарзандни тўғри тушуниш ва қабул қилиш психологияси, ижтимоий мослашув жараёнида ота-онанинг роли, стрессни бошқариш ва эмоционал барқарорликни сақлаш усуллари, оила муҳитида қўллаб-қувватлаш мавзуларда интерактив машғулотлар ташкил этилди.

Машғулотлар нафақат назарий билимлар билан, балки амалий топшириқлар, гуруҳли муҳокамалар ва жонли мулоқотлар орқали олиб борилди. Бу эса иштирокчиларнинг ўзаро тажриба алмашишига, муаммолар ва ечимлар юзасидан очиқ фикр алмашишга имкон берди.

Тадбир иштирокчилари бундай семинарларнинг ташкил этилиши катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Уларнинг айтишича, бу тренинглар фарзандлари билан муносабатни мустаҳкамлаш, ижобий психологик муҳит яратиш ва уларнинг имкониятларига ишонч билан қарашга ёрдам бермоқда.

– Фарзандим мактабда инклюзив таълим олади. Бугунги машғулот менга уни бошқача – ижобий кўз билан кўришимга сабаб бўлди. Энди қандай ёндашишни, қандай ёрдам беришни биламан, – дейди Ханифа Очилова.
Бугунги кунда инклюзив таълим – замонавий жамиятнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Бундай тренинглар орқали ота-оналарнинг хабардорлиги ва тайёргарлиги ошиши, бу эса болаларнинг ижтимоий мослашувига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА