Мамлакатимизда 2021 йилда 1472 нафар вояга етмаган шахс судланган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 2116 нафарга етган. 2022 йилда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 389, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 510 тани ташкил қилган.
Албатта, вояга етмаган шахсларнинг жиноят йўлига кириб қолишида улар яшаган муҳитнинг таъсири катта.
Қолаверса, уларнинг катта ҳаётга “судланган” тамғаси билан қадам қўйиши ўз ўринларини топа олмаслигига, ўзларига бўлган ишончи буткул йўқолишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Шу нуқтаи назардан ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишини белгилаш таклиф этилмоқда.
Бу “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида ташкил этилган мажлисда шу ҳақда гап борди.
Қонун “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга доир давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади. Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан ҳоли тарзда давом эттириши учун шароит яратади.
Сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган тадбирда қонуннинг маъқулланиши юзлаб ёшларга ҳаётини қайтадан бошлаш, жамиятда ўз ўрнини топиш, оиласига, маҳалласига, жамиятга фойда келтирадиган инсон бўлиб камолга етишига имкон бериши қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА