Ота-оналар фарзандларининг чин инсон бўлиб улғайишларида, таълим-тарбия олишларида ўз куч-ғайратларини сарфлашади.
Ўғил-қизларининг ахлоқли одобли, илмли-маърифатли бўлишлари учун бор имкониятларини аяшмайди.
Шунинг учун уларнинг бу хизматларини билиш ва қадрига етиш, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлиш, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туриш лозим.
Чунки адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади.
Миллий қонунчилигимизга биноан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бўлган ўз ота-оналарига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари ҳақида алоҳида банд мавжуд.
Ота-онанинг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-оналарига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, ота-она даъвосига кўра таъминот суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.
МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан хабар берилишича, Боёвут туманида яшовчи икки нафар фуқаро ўз отасини қаровсиз ва таъминотсиз қолдирганлиги учун ота ноиложликдан фарзандларини судга беришга мажбур бўлади.
«Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг қарздор Ш.Б ва Ш.С.нинг ҳар биридан ундирувчи Ш.А.нинг фойдасига ҳар ойда қатъий суммада 120 000 сўмдан (нафақа) алимент пули ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Боёвут туман бўлими иш юритувида келиб тушган ва Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддасига кўра ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорларга таништирилган.
Қарздорларнинг мулкий ҳолатини текшириш мақсадида тегишли идора ва ташкилотларга сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга кўра, унинг номида мол-мулки мавжуд эмаслиги аниқланган ва давлат ижрочиси томонидан 05.01.2020 йилда қарздорларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Ижро ҳаракатлари давомида МИБ ходимлари ўзларининг муҳим ва самарали тактикасига қўл уришди, бу жараёнга яраштириш ишлари бўйича тушунтириш ишларини олиб боришди ва ўз натижасини берди ота-болалар яъни, ундирувчи Ш.А. қарздорлар Ш.Б. ва Ш.С.лар яраштирилди.
Шу тариқа камдан-кам учрайдиган алимент иши тамомланди.
ЎзА