Ота беш йиллик алимент пулини олдиндан тўлади
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Когон туманлараро судининг 2022 йил 4 февралдаги жавобгар Ш.Адизовдан ундирувчи С.Қиличева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро варақаси Бюронинг Когон шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Адизов белгиланган муддатда алимент қарздорлигини тўламаганлиги сабабли, унинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, қарздор Ш.Адизов Россия Федерациясига меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун бормоқчи эканлигини айтиб мурожаат қилган.
Давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжати бўйича қарздор ва ундирувчига уларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши натижасида, қарздор Ш.Адизов томонидан 65 миллион 914 минг сўм миқдоридаги беш йиллик алимент тўлови олдиндан ундирувчи С.Қиличеванинг номига АТ “Алоқабанк” Бухоро филиали томонидан очилган банк пластик картасига кўчириб берилиши таъминланди.
Натижада ижро иши ундирувчининг аризасига асосан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан тамомланди.
Зариф Комилов, ЎзА