Ота алимент тўлашнинг антиқа ечимини топди, аммо...
Алимент қарздорлиги бўлган ота яна бир қарз билан муаммога ечим топган. Воқеага кўра, қарздор М.А. собиқ турмуш ўртоғи М.Хнинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши керак бўлган.
Аммо у алимент тўлашдан бош тортиб, турли жойларда яшириниб юраверади. Оқибатда унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, Мажбурий ижро бюроси Қува тумани бўлими қидирув шўбаси томонидан тезкор-қидирувлар бошлаб юборилган. Натижада, қарздор қўлга тушиб, давлат ижрочисига топширилади.
М.А.га алимент қарзини тўламаса, жавобгарлик келиб чиқиши мумкинлиги тушунтирилгач, у қарзини узишни тезкор ва ноанъанавий усулини ўйлаб топган. Буни қарангки, М.А бу учун "Ишонч кредит" савдо дўконидан ётоқхона мебеллари ва музлатгични кредит асосида сотиб олган ва ушбу буюмлар ҳисобига қарздорлигини қоплаган.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА