Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартиби белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2019 йил 4 апрелдаги буйруғига кўра, мажбурий ижро бюросининг Ҳазорасп туман бўлими томонидан қарздор А.Машариповдан ундирувчи Г.Матмуратова фойдасига уч нафар фарзандларининг таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва даромадларининг ярими миқдорида фарзандлари вояга етгунга қадар алимент ундириш белгиланган.
Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари ва тарғибот ишлари натижасида томонлар келишиб, қарздор А.Машарипов ундирувчи Г.Матмуратова фойдасига 110.861.181сўм алимент пулларини олдиндан тўлаб берди.
Яратганнинг амри билан ёруғ дунёга келган гўдакни тарбиялаш, ҳеч нарсадан зориқтирмай улғайтириш ота-онанинг бурчи, вазифаси. Буни ҳамма динлар ҳам, кишилик жамиятининг барча турлари ҳам бир овоздан таъкидлайди. Айниқса, болажон халқимизнинг тутум ва қадриятлари бу нарсага жиддий эътибор қаратади. Шундай экан, тақдир туҳфаси бўлган фарзанд неъматининг қадрига етмоғимиз лозим.
Қонунан истеъмолга киритилган алимент сўзининг ўзиёқ аслида жуда оғриқли. Аммо шундай бўлсада, мураккаб ҳаёт мажбур қилган ажримлар бизни алимент тўлаш ёки тўламаслик каби масалаларни қаламга олишга мажбур қилади. Ўз пушти камаридан бўлган фарзандларига уларнинг она сутидай ҳалол бўлган насибасини бермаслик ота, эркак шаънига номуносиб ҳолдир.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА