Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг таркибий тузилма ва ҳудудий бўлимлари ходимлари ўртасида “Касбий олимпиада ўйинлари” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада иштирокчилар қўл жанги усуллари, юз, минг ва уч минг метрга югуриш, турникда тортилиш, ягона тўсиқлар йўлагида бажариладиган умумий назорат машқи бўйича меъёрни бажариш, 100 метрга сузиш, ётган ҳолда таяниб қўлларни букиб-ёзиш каби жисмоний тайёргарлик бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Аёл ходималар 100 метр ва 1000 метрга югуриш, куч ишлатиш комплекс машқлари, эркин усулда сузиш ҳамда жанговар тайёргарлик бўйича амалий ўқ отиш, табель қуролини қисмларга тўлиқсиз ажратиш ва йиғиш каби йўналишларда ўзаро беллашди. Барча иштирокчилар касбий тайёргарлик, касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси бўйича тест саволларини ечди.


Ички ишлар органлари ходимларининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириб, тизимда хизмат қилаётган энг яхши сафдор, сержант ва офицерларни аниқлаш имкониятини яратган беллашув уларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказди. Осойишталик посбонларининг жанговар тайёргарлиги, турли хил жисмоний ва руҳий юкламаларни енгиб ўтишдаги маҳорати ҳамда жанговар вазифаларни бажаришга шайлигини намойиш этди. Бўлинмаларда жанговар ва жисмоний тайёргарликни оширишнинг узлуксизлигини таъминлаш орқали юқори даражадаги касбий тайёргарликка эга ходимларни аниқлаш учун қулай муҳит яратди.


Мусобақанинг “Энг яхши сафдор”, “Энг яхши сержант”, “Энг яхши кичик офицер”, “Энг яхши катта офицер” йўналишлари ғолиблари “Касбий олимпиада ўйинлари” беллашувининг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири