Осмонимиз бир, сайёрамиз бир
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Яшил ҳаракатлар куни” халқаро экологик тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир университет ҳовлисига дарахт экиш билан бошланди.
Унда университет ректори К.Шарипов, Ўзбекистон Экологик партияси раиси А.Ҳамзаев иштирок этди.
Тадбирда БМТ Бош котибининг Иқлим ўзгаришларини юмшатиш бўйича маслаҳатчиси, Нобель мукофоти лауреати, профессор Рае Квон Чунг ҳамда БМТ тараққиёт дастури ижроси бўйича вакили Анас Файяд Қарман илмий-амалий тавсияларини берди.


Бугунги кунда глобаллашиб бораётган экологик муаммоларнинг кучайиш сабаблари, салбий оқибатлари тўғрисида сўз юритилди ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.
– Мен бугунги анжуманда Рае Квон Чунг каби дунёнинг кучли дипломат ва экологлари иштирок этаётганидан фойдаланиб, биргина таклиф билдирмоқчиман. Дунё олимлари томонидан ишлаб чиқилган экологияни яхшилашга хизмат қилувчи ҳар қандай илмий ютуқлар, технологиялар ҳеч қандай тўсиқларсиз барча давлатлар ўртасида ўзаро алмашиниши керак, – деди А.Ҳамзаев. – Зеро, осмонимиз бир, сайёрамиз бир. Тўғри, қандайдир экологик муаммо бугун ер юзининг қайсидир қисмида юзага келаётган, кучаяётган бўлиши мумкин. Аммо унутмайлик шундай масалалар борки, унинг таъсиридан ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат четда қолмайди. Шулардан бири, бу экологик муаммолар ҳисобланади. Шундай экан, бу борадаги тажрибаларимизни бирлаштиришимиз, ютуқларимизни ўртоқлашишимиз даркор.

Тадбир доирасида “Менинг яшил шаҳрим” мавзусида иншолар танлови ва “Еко стартап" мавзусидаги тақдимотлар ўтазилди. Шунингдек, жамоат транспортидан фойдаланиш, энергия сарфини камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва минималлаштириш бўйича кундалик ҳаётдаги танловларнинг аҳамияти юзасидан экспертларнинг фикрлари тингланди.
Профессор Рае Квон Чунг ”Мен биринчи” деб номланган ижтимоий кампанияни бошлади. Яшил иқтисодиётга асосланган ушбу лойиҳа ҳам иқтисодиётни, ҳам экологияни яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилгани билан тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.
Шерали Отабоев, ЎзА