Осмон сари йўл: Цинхай – Тибет темир йўлининг 20 йиллик тажрибаси
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги мутлақ янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарлари учрашувларида транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш, ўзаро боғлиқликни кучайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Айни жараёнда ХХР йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат мамлакатнинг ички тараққиёти, балки бутун минтақа иқтисодий интеграцияси учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ана шундай стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бири Цинхай – Тибет темир йўлидир. Жорий йил 1 июль куни мазкур магистрал тўлиқ фойдаланишга топширилганининг 20 йиллиги нишонланди. Бугун ушбу темир йўл муҳандислик ютуғи сифатидагина эмас, балки Тибетнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини белгилаб берган муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур йўл қурилишидан аввал Тибетнинг тоғли рельефи, кескин иқлими ва узоқ масофа минтақа ривожи йўлидаги асосий тўсиқ эди. Юк ва йўловчи асосан автомобиль транспорти орқали ташилар, бу эса кўп вақт, маблағ талаб қиларди.
Цинхай – Тибет темир йўлини барпо этиб, Чин муҳандислари жаҳон миқёсида қатор мураккаб вазифаларни ҳал қилди. Хусусан, абадий музлик устида қурилиш ишлари олиб борилди, денгиз сатҳидан жуда баланд ҳудудда темир йўл инфратузилмаси бунёд этилди. Шу билан бирга Тибет текислигининг ноёб экологик муҳити сақлаб қолинди.
2006 йил 1 июль куни мамлакат ғарбини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурининг муҳим бўғини сифатида ушбу темир йўл тўлиқ ишга туширилди. Натижада Тибет ягона ички бозорга янада чуқур интеграциялашди. Товарлар ва аҳоли ҳаракати эркинлашди, транспорт харажати сезиларли даражада қисқарди, саноат ва инвестиция фаоллиги ошди.
Сўнгги йигирма йил давомида темир йўл босқичма-босқич такомиллаштирилди. Янги бекатлар қурилди, қўшимча қувват яратилди, юк ташиш имконияти кенгайтирилди. 2026 йил апрель ҳолатига кўра, Тибет билан мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали ташилган юк 100 миллион тоннадан ошди. Поезднинг юк кўтариш қуввати эса 4 000 тоннага етказилди.

Иқтисодий самара, аввало, янги тармоқлар шаклланишида намоён бўлди. Илгари транспорт салоҳияти чеклангани сабаб фойдаланилмаган табиий ресурсларни самарали ишлатиш имкони пайдо бўлди. Йирик энергетика ускуналари етказиб берилиши осонлашиб, қуёш ва чув энергетикаси лойиҳалари жадал ривожлана бошлади.
Туризм соҳаси ҳам иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айланди. 2005 йил Тибетга 1,8 миллион сайёҳ борган. 2025 йилга келиб бу рақам 70 миллионга чиқди. Минтақала хизмат кўрсатиш кўлами кенгайиб, янги иш ўринлари яратилди, маҳаллий аҳоли даромади ортди.
Иқтисодий кўрсаткичлар бу ўзгаришларни яққол тасдиқлайди. 2005 йил Тибет ялпи ҳудудий маҳсулоти 25,1 миллиард юань эди, 2025 йил якунида эса 300 миллиард юандан ошиб кетди.
Энг муҳими, ютуқлар оддий инсонлар ҳаётида акс этди. Деҳқон ва чорвадорларнинг жон бошига тўғри келадиган 20 йил аввалги 2 000 юань даромади ҳозир 23 000 юандан зиёд.
Темир йўл аҳоли учун тиббий хизмат, таълим ва бошқа ижтимоий имконият етиб боришни ҳам анча енгиллаштирди. Сўнгги йигирма йил давомида мазкур магистрал орқали 41 миллиондан кўп йўловчи ташилди. Эндиликда маҳаллий ёшлар мамлакатнинг турли ҳудудларида таҳсил олиш имконига эга. Мутахассислар алмашинуви фаоллашди, замонавий технология ва бошқарув тажрибаси ҳудудга кенг миқёсда кириб келди.
Бугун Цинхай – Тибет темир йўли нафақат маҳсулотни ҳудудга олиб кириш, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни мамлакат бозорига олиб чиқиш вазифасини ҳам бажармоқда. Тибетда ишлаб чиқарилган як гўшти, баланд тоғ арпасидан тайёрланган ва бошқа экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари бутун мамлакат бўйлаб темир йўл орқали етказиб берилмоқда.
Мутахассаслар фикрича, Цинхай – Тибет темир йўлининг йигирма йиллик фаолияти замонавий транспорт инфратузилмаси мамлакатнинг энг чекка ҳудудлари тараққиётига қандай кучли туртки бериши мумкинлигини амалда намоён этди. Инфратузилмага киритилган сармоя иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудлар ўртасидаги тараққиёт тафовутини қисқартиришнинг муҳим омилига айланди.

Бугун Ўзбекистонда ҳам транспорт-коммуникация тармоғини модернизация қилиш, халқаро логистика йўлакларини ривожлантириш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Хитой билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, хусусан “Бир макон, бир йўл” доирасидаги ҳамкорлик ва трансчегаравий инфратузилма ташаббуслари икки мамлакат стратегик шериклигини янада мустаҳкамламоқда.
Цинхай – Тибет темир йўлининг йигирма йиллик тарихи кўрсатдики, замонавий инфратузилма лойиҳалари фақат транспорт тизимини эмас, балки бутун ҳудуд иқтисодиёти, аҳоли турмуш даражаси ва узоқ муддатли барқарор ривожланишни ҳам белгилаб беради.
Нилуфар Бозорова, ЎзА