“Осмон ҳамма гапни эшитади!” спектакли намойиш этилди
Маърифатпарвар жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий театрни бежиз ибратхонага қиёсламаган. Зеро, бу ерда томошбин руҳан ўз-ўзи билан ёлғиз қолади. Адоғи йўқ саволлар гирдобига ғарқ бўлади. Инсон руҳиятида, жамиятда юз бераётган муаммолар ҳақида батафсил ўйлай бошлайди. Уларнинг илдизи, бартараф этиш чоралари хусусида фикр юритади.
Таниқли драматург, ёзувчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қўчқор Норқобил асари асосида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Осмон ҳамма гапни эшитади!” мусиқали драма спектакли ҳам томошабинни мудом огоҳлик ва ҳушёрликка чорлаши билан аҳамиятли.

Пойтахтимиздаги бир қатор меҳнат жамоалари каби Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимлари ҳам ушбу спектаклни томоша қилиш учун театрга таклиф этилдилар.
Спектаклда оддий оила вакили Мўминжоннинг шўролар даврида, ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида афғон заминида йигитлик бурчини ўташи билан боғлиқ зиддиятли ва чалкаш воқеликлар, унинг Ольга исмли ҳамшира қиз билан танишиши, рўбарў келган ўлимни ҳам доғда қолдириб, ҳақиқат учун курашиши жуда таъсирчан тарзда ҳикоя қилинади.

Ўз юртига қайтган Мўминжон Ольга билан турмуш қуради. Бефарзандлик доғида куйган бу оила кўргуликлари жафосига тоғ этаклари, адирларга минглаб дарахт кўчатларини ўтқазиб, боғ яратишга муваффақ бўлади. Мўминжоннинг боғни янада обод этиш, юртимизнинг хушманзара гўшаларига сайёҳларни жалб этишга доир лойиҳасига ҳам, унинг ота ҳовлисига ҳам пулга тузоқ қўйган шоввозлар эга чиқиш пайида бўладилар. Мўмин ва Ольганинг ҳақиқат йўлидаги курашлари барибир ўз натижасини беради. Адолат қарор топади!
Мазкур спектакль ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган ижтимоий, экологик, психологик муаммоларни яққол кўрсатиб берган. Айрим мутасаддилар ўзларининг нопоклиги, очкўзлиги, ўзгалар ҳақини ўзлаштиришдан тийилмаслигини, кўр-кўроналик ва сохталикка муккасидан кетганини фош этшан. Саҳна асаридаги куй-қўшиқлар унинг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилгани билан аҳамиятли.
Умуман олганда, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри мамлакатимизнинг отахон театр жамоаларидан бири бўлиб, бебаҳо маърифий хазинага, бой тарихга эга зиё маскани, десак янглишмаймиз.
Бу табаррук даргоҳда миллий театримизнинг Лутфихоним Саримсоқова, Маҳмуджон Ғафуров, Аббос Бакиров, Марям Ёқубова, Фароғат Раҳматова, Раззоқ Ҳамроев, Сойиб Хўжаев, Омина Фаёзова, Ҳамза Умаров, Суръат Пўлатов, Наима Пўлатова, Бахтиёр Ихтиёров, Ҳусан Шарипов каби кўплаб саҳна дарғалари жўшиб ижод қилгани билан ҳам қадрлидир.
Айни пайтда театрнинг “Муқимий”, “Равшан ва Зулхумор”, “Фарҳод ва Ширин”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ватан ишқи”, “Тошболта ошиқ”, “Олифта” каби мусиқали саҳна асарларини миллий театр санъатимизнинг дурдонаси, деб аташ мумкин.
Бугунги кунда ушбу жамоанинг “Қайтар дунё”, “Асл хазина”, “Отабек ва Кумушбиби”, “Замон Авлонийси” сингари спектакллари чуқур тарбиявий аҳамиятга эга. Шунингдек, мухлислар кўнглидан жой олган “Муҳаббат наволари”, “Ёшлик соғинчи”, “Сиз соғинган қўшиқлар”, “Кулгу ва шодлик кечаси” номли мусиқали композициялар театр актёрларининг юксак хонандалик салоҳиятини, истеъдодини намойиш этиши билан аҳамиятли.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, хусусан, театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимотида ҳам, ундан аввалроқ ҳам Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига “академик” мақомини бериш таклифини бир неча бор илгари сургани замирида санъатга, унинг машаққатли, заҳматли йўлига кирган фидойи инсонларга чексиз эҳтиром мужассамдир.
Пойтахтимизнинг меҳнат жамоалари вакиллари эътиборига ҳавола этилган “Осмон ҳамма гапни эшитади!” мусиқали драма спектакли томошабинни гоҳ йиғлатса, гоҳи кулдиради, муаммоларни беаёв фош этади. Қатъият, ишонч, умид инсонга қанот бағишлашини томошабинга англатади.
Ушбу мусиқали драма спектаклининг саҳналаштирувчи режиссёри – Достон Ҳақбердиев. Саҳналаштирувчи дирижёр – Акмал Тўраев.
Спектакль учун мусиқани истеъдодли композитор, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Ойдин Абдуллаева яратган.
Бу каби саҳна асарлари бугунги кунда инсоният учун ғоят долзарб бўлган тинчликни, табиатни, инсон қадрини асраб-авайлашга чорлаши билан аҳамиятли.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири