Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Хабарингиз бор мусобақанинг илк кунида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳисоби 4 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан тўлди.
Ушбу натижа орқали терма жамоамиз Осиё қитъасининг 21 давлати орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олди. Қозоғистон термасида 1 та олтин, 3 та кумуш, 5 та бронза медали бор. Ҳиндистонлик дзюдочилар эса дастлабки кун якунига кўра 1 та олтин ва 2 та бронза медали билан кучли учликдан жой олди.

Бугун Осиё чемпионатининг иккинчи кунги беллашувлари доирасида ўғил болалар -73, -81, -90, +90 кг, қизлар эса -57, -63, -70, +70 кг вазн тоифаларида баҳсларга киришади. Ушбу вазнлардаги баҳсларда қуйидаги 11 нафар дзюдочимиз медалларга даъвогарлик қилади.
-73 кг: Саъдулла Равшанов – Жаҳаншаҳ Шаҳмарданули (Қозоғистон)
-73 кг: Даулет Турдияров – Сайҳанбилег Давҳарбаяр (Мўғулистон)/Пан Нгок (Вьетнам)
-81 кг: Камронбек Қодиров – Улунг Сатриа (Индонезия)
-90 кг: Иномжон Баҳодиров – Абдуллаҳ Алдайҳани (Кувайт)
-90 кг: Жўрабек Эшпўлатов – Иноуе Фирдаус (Индонезия)
+90 кг: Алибек Дурдиев – Рафаел Сижабат (Индонезия)
Дзюдочиларимиз учун қуръа натижалари (қизлар):
-57 кг: Мафтуна Аҳмедова – Назва Юлианти (Индонезия)/Жини Чанамбам (Ҳиндистон)
-57 кг: Гулсанам Ҳазратова – Тан Рай (Сингапур)
-63 кг: Зуҳражон Умарова – Анудари Энҳтайван (Мўғулистон)
-70 кг: Интизор Узакбаева – Адис Райина (Индонезия)
+70 кг: Зарина Бобоназарова – Ли Чай Мин (Корея Республикаси)/Рафа Калистия (Индонезия)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА