Ўсмир дзюдочилар мамлакат кубогида баҳслашмоқда
Сурхондарё вилоятидаги Термиз яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон кубогининг иккинчи кунги баҳслари кескин ва муросасиз ўтди.
Кубок беллашувларининг навбатдаги кунида ўсмирлар ўртасида -60, -66, -73 кг; қизлар ўртасида эса -52 ва -57 кг вазн тоифаларида ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мусобақада Амирбек Эркинов (Хоразм), Сойиббек Жўраев, Шаҳобиддин Бахтиёров, Нигина Умрзоқова ҳамда Чаросой Ўктамбоева (Хоразм) ўз вазн тоифаларида олтин медал билан тақдирланди.



Маълумот ўрнида: Ўзбекистон кубоги баҳслари бугун, 7 май куни ўз ниҳоясига етади. Дзюдо мухлислари 8 май куни Сурхондарёда ўтадиган хотира турнирига гувоҳ бўладилар. Мутлақ вазн тоифаси ғолиби автомобиль билан тақдирланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА