Ўскан бобо Президент табригидан хурсанд бўлди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ғофуржон Мирзаев, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Боёвут туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ўскан бобо Хожимановни байрам билан табриклади.
Вилоят ҳокими Президентимиз йўллаган табрикни ўқиб эшиттирди. "Мустақиллик монументи" статуэткаси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига берилаётган бир марталик 15 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

“Сизни жонажон Ватанимизда кенг нишонланаётган улуғ айём — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк галабанинг 77 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят мамнунман. Сизнинг кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг мард ва фидойи фарзандлари қаторида бутун инсониятни фашизм балосидан халос этиш йўлида кўрсатган қаҳрамонлигингиз, улкан ирода ва матонатингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун чинакам ибрат ва ватанпарварлик намунасидир”, – дейилади Президент табригида.

Ўскан бобо Хожиманов кўрсатилган эътибордан мамнун бўлиб юртимизга тинчлик, осойишталик тилаб дуо қилди. Вилоят ҳокимига қарата "Президентни кўрсангиз мени номимдан салом ва раҳмат айтинг” деди.
97 ёшни қаршилаётган Ўскан бобо турмуш ўртоғи Нават ая билан 4 ўғил ва 4 қизни вояга етказган. Бугунги кунда Ўскан бобо 46 невара, 34 чеваранинг суюкли бобосидир.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири