Олтин кузнинг шифобахш неъмати ошқовоқ шу кунларда далаларимизда пишиб етилди. Ушбу маҳсулот тиббиётда астма, камқонлик, варикоз томирлари, пневмония ва шамоллашни даволашда қўл келади.
Қовоқ уруғи таркибида Омега-3 ёғ кислоталари, калий, кальций, магний ва темир кўп бўлиб, бир қанча жиддий касалликларнинг олдини олишда самарали ҳисобланади.
Жорий йилда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби деҳқонларимиз ошқовоқдан ҳам юқори ҳосил кўтаришмоқда.
Масалан, Сирдарё вилоятининг Сайҳунобод туманидаги 19 та маҳаллада яшовчи аҳолида 3340 гектар томорқа ерлари мавжуд бўлиб, хўжаликларга қовоқнинг “Гантел” “Мускат” нави экиш тавсия этилганди. Сабаби экспортбоп ушбу маҳсулотга хорижда ҳам талаб юқори. Натижада ошқовоқ етиштириш истагида бўлган 1040 та хонадон эгаларининг 210 гектар томорқа майдонларига ушбу навлар экилиб, етиштирилган ҳосилни сотиб олиш ва экспортини ташкил этиш бўйича экспортёрлар бириктирилди.
Бу ишларга бош-қош бўлиш учун туманда “AGRO SAYXUN EXPORT” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинди.
Экинларнинг вегетация даврида талаб этиладиган минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари захираси тўлиқ шакллантирилиб, Ўсимликликлар карантини ва ҳимояси агентлиги давлат инспекторлари тавсияларига асосан жойларга етказиб бериш тизими жорий қилинди.
Натижа эса кутилганидан ҳам зиёд бўлди. Ушбу аҳоли хонадонларига экилган ошқовоқнинг ҳар бир сотихидан ўртача 3 тоннадан 3,5 тоннагача ҳосил йиғиб олинмоқда. Маҳсулот омборхоналарда сараланиб, айни кунларда Россия, Дубай, Латвия давлатларига экспорт қилиняпти.
Бугунги кунда ўз томорқасида экспортбоп ошқовоқларни экиб, парвариш қилган ҳонадон эгалари ўртача 10-12 млн сўмгача даромад қилмоқдалар.
Жорий мавсумда туман аҳоли хонадонлари 550 тонна ошқовоқ ҳосилини йиғиштириб олишди ва экспорт қилиш учун омборхоналарга жойлаштиришди. Ҳисоб-китобларга кўра томорқаларда яна 500 тонна ҳосил қолмоқда. Кузнинг майин ҳавосидан, деҳқоннинг меҳридан тўйинган маҳсулотларни халқимиз дастурхонига тортиқ қилиш учун шу кунларда ҳосилни йиғиб олиш ишлари давом этяпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dVk0BuLcSGE" title="Oshqovoq shifobaxsh va daromadli mahsulot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА