Абдулла Қодирий таваллудининг 127 йиллигига

Абдулла Қодирий дейилганда, кўз олдимизда “Ўткан кунлар” романи, “Ўткан кунлар” дейилганда Абдулла Қодирий гавдаланади. Чунки бу роман ёзила бошлаган даврдан китобхонлар томонидан севиб ўқилди, севиб ўқилмоқда ва бундан кейин ҳам севиб ўқилаверади. Ушбу роман китобхонлар томонидан севиб ўқилаётган вақтда нафақат ўзбек адабиётининг, балки жаҳон адабиётининг дурдона асарини яратган адиб иккинчи – “Меҳробдан чаён” романини ёзишга киришди.

Аввало, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романига ёзган сўзбошини эсга олайлик: “Ёзмоқға ниятланганим ушбу – “Ўткан кунлар”, янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавасдир”. Энди адибнинг “Меҳробдан чаён” романини ёзган сўзбошисига эътиборингизни қаратинг: “Мен бу сўнгғи марғуб қаҳрамонларни ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар ўз ҳолича олишқа тиришдим. Уларнинг хон ва уламога қарши исёни табиъий – шаръийдир. Чунки шундан ортиғи сохта бўлиши устига китобнинг қадрини ҳам тушурар эди. Шу икки синф курашини тасвир қилиш воситасида хон ҳарами, хотинлари, қирқ қизлар, тарихий ва этнўғрафий лавҳалар, ўзбек ҳаёти, қизиқчилиғи, танқидчилиғи, ўзбек хотин-қизлари орасидағи истеъдод, шоиралар, аскиячилик ва бошқа яна кўб нуқталарни қамраб олинди. Рўмонда яна бундан бошқа бир кўб жиҳатлар бор. Уларни бу ерда санаб ўлтуриш ҳожат эмас, улар муҳтарам ўқуғучининг назаридан қочиб қутилмас”.

Ҳа, адибнинг мақсади илгаридек роман ёзишга ҳавас эмас, балки роман ёзишга киришиш бўлган. Юқорида келтирилган иқтибослардан кўриниб турибдики, Абдулла Қодирий янги романини ёзишга катта мақсадларни қўйган ҳолда ёндашган. Албатта, биринчи навбатда янги романи “Ўткан кунлар” романидан кам бўлмаслигини истаган. Бунинг учун адиб ўзининг бой тажрибаси ва билимини сафарбар этган. Муҳими, адиб роман воқеаларини баён қилишда ўз олдига қатъий мезон қўйган: “Бизнинг мундаги вазифамиз орттирмай ва камитмай ўқуғучига бутун тақдим эта билишдир”. Олдиндан эътироф этишимиз лозим, Абдулла Қодирий ўзига белгилаган вазифани шараф билан уддалади ва ўзбек адабиётига, жаҳон адабиётига дурдона роман – “Меҳробдан чаён”ни 1929 йилда китоб ҳолида тақдим этди.

“Меҳробдан чаён” романида юртимиз тарихининг ўн тўққизинчи асри ўрталаридаги даври ёритилган. Романдаги ҳар бир қаҳрамон тасвири, воқеалар ривожи, оқибатлари бадиий бўёқларда аниқ-тиниқ чизилган. Романнинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлган Раъно тасвирланган сўзларга эътибор беринг: “Раънонинг исми жисмига ёхуд ҳуснига жуда мувофиқ тушкан эди. Мен рассом эмасман. Агар менда шу санъат бўлғанда эди. Сўз билан билжираб ўлтурмас, шу ўрунда сизга Раънонинг расмини тортиб кўрсатар, қўяр, фақат менга Раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлар эди...

Сочлари жуда қуюқ, саноқсиз кокиллар Раънонинг орқа, ўнгини тутиб ётар, қадди узунлиқ билан қисқалиқнинг ўртаси, дўндуқ бармоқларининг жимжилоғида хина гуллари, ҳар ҳолда бу қиз ёлғиз Қўқоннингғина эмас, умуман Фарғонанинг куйларига қўшулиб махталадирған гўзалларидан эди”.

Роман давомида Раъно катта жасоратга жазм этади: “Хотин-қизлар жинсидан иродаси кучлик, ҳатто эрлардан ҳам жасурроқ шахсларни кўб учратамиз. Шунинг билан бирга, уларни нақадар кучлик иродага молик бўлмасинлар, яна ҳиссиётларига мағлуб кўрамиз. Масалан: ҳикоямиз қаҳрамони Раънонинг жасорати, хонға қарши исёни, ҳатто маъюс қолған Анварни йўлға солиши – ўз замонаси учунгина эмас, бизнинг ҳозирги асримиз учун ҳам лойиқи таҳсин ва Раъно ёшлиқ қизларимизға ибратдир”.

Асосий қаҳрамонлардан яна бири Анвар сурати ва сийрати болалик давридан бошлаб муаллиф ҳамда бошқа тимсоллар тилидан баён этилади. Биз улардан бири билан чекланамиз: “Сурма қўйғандек оҳу кўзи бор, қизил олмадек таранг юзи бор, энди чиқиб келган кўк майса мўйлоби, Розия хонимникидан ҳам нафисроқ қалам қоши... Устига кийган беқасам тўни ўзига шундай ярашқанки...”

Анвар ўзини асраб олган ва таълим берган муаллимининг қуйидаги сўзларига умр бўйи амал қилди: “Сен ўз ишингни билиб қилсанг, вазифангда сустлик кўрсатмасанг, сенга бутун олам душман бўлғанда ҳам бир мўйингни хам қилолмас. Чунки ҳақ ҳамиша ғолибдир, ҳақсизлик эрса мағлуб. Туҳмат ва бўҳтон хавфида маъракадан юз ўгуриш – йигитларнинг иши бўлмас”. Иқтибосдаги “ҳақ ҳамиша ғолибдир, ҳақсизлик эрса мағлуб” сўзлари ўша давр золимлари, мустабидларига қарши айтилган сўзлар эмасми?!

Яхшиси, биз роман воқеалари орасида кўпчиликнинг ёдига муҳрланиб қолган Анвар ва Раънонинг баҳри байтидан парча келтирайлик: “Анвар жавоб бериш ўрниға қаламини қоралаб ёзди:

Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,

Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг “Раъно”си.

Раъно яна бир оз ўйланиб, Анвардан яширинча ёзди:

Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин,

Не бахт, Раъно харидоринг талаб аҳлининг “Мирзо”си”.

Бу иқтибос барча замонларда ўзбек йигит-қизларининг билимли ва иқтидорли бўлганлигига ёрқин далилдир.

Раънонинг отаси, Анварни асраб олган Солиҳ махдум тимсоли заргарона бўёқларда чизилган: “Ойни этак билан яшириб бўлмайдир. Махдумнинг хасисликка ўхшаш ҳолатлари албатта бор эди. Махдум топиб-тутмаған йилларда бу ишни йўқлиқдан қиладир, десак-да кейинги вақтларда ҳам шу одатини тарк этмагани учун табиъатида бир мунча хасислик бор экан, деймиз.

Махдум бўйчан, олагўшт, сийрак мўй, оқ тан, истараси иссиғ бир домла эди. Ёши эллидан ошқан, соч ва соқолида бир мунча оқлар кўринар эди. Киши билан сўзлашканда, айниқса, бир нарсадан таажжубланганда сийрак ва лекин тўғри, бақувват ўскан соқолини тутамлаб ўнг кўзини бир оз қисиб қарар, одат қилғандан бўлса керак гап орасида “ҳабба” деган сўзни кўпроқ ишлатар эди. Домланинг бу “ҳабба”си нима маънода қўлланилар, ўзидан бошқа ҳеч ким билмаганидек, ундан бу тўғрида изоҳ ҳам сўрамаған эдилар”.

Шунча сўзларни ёзгандан кейин Абдулла Қодирий ўзининг асосий гапини айтади: “Нима бўлғанда ҳам Махдум ўз замонасининг энг олдинғи домлаларидан, Қўқон аксариятининг саводхон бўлишлариға сабабчи устозлардан, ҳатто улуғ хизматларга киши етишдириб бергучи нодир муаллимлардан эди”.

Тарихдан маълумки, роман ёзилган даврда мустабид тузум гумашталари ўзбек халқини ялпи саводсизликда айблаётган, камситаётган вақт эди. Шунга қарамай Абдулла Қодирий романида юртимизда ўша йилларда ҳам нодир муаллимлар, Анвар-Раънодай зукко йигит-қизлар бўлганлигини баралла ёза олди.

Табиийки, романда одам номига номуносиб ярамас кимсаларга оид лавҳалар ҳам бор. Улардан бири Абдураҳмоннинг қилмишларидир. Бу кимсанинг ўсмирлигидан бошлаб қилган ифлос ишларини қоралашга адиб тили билан айтганда: “Аҳволини ёзишга қалам маъзурдир”. Бироқ, бу кас қинғир йўллар билан маҳалла масжиди имоми бўлишга эришади. Яъни, меҳробга чиқади. Минг турда тусланиб Анвар ёрдамида мансабга эришади ва ўша кундан Анварга қарши фитна бошлайди. Чаённинг иши чақмоқдир, дея бежиз айтилмаган. Бу чаён ҳам турли воситалар билан Анвар ҳаётини заҳарлашга эришади. Афсуски, давр шундай манфур кимсаларники эди. Роман ёзилган даврда ҳам меҳробда – халқ хизматини қилиши лозим бўлган мансабдорлар орасида Абдураҳмонга ўхшаш чаёнлар оз эмасди. Эҳтимол, шунинг учун севимли адибимиз иккинчи романига “Меҳробдан чаён” дея ном қўйгандир.

Буюк ёзувчимиз роман сўзбошида таъкидлаганларидай: “Рўмонда яна бундан бошқа кўб жиҳатлар бор. Уларни бу ерда санаб ўлтуриш ҳожат эмас, улар муҳтарам ўқуғучининг назаридан қочиб қутилмас”. Дарҳақиқат, китобсеварларимиз “Меҳробдан чаён” романини диққат билан яна ўқиб чиқсалар адиб сўзларига ўзлари ҳам ишонч ҳосил қиладилар.

Китоб ўқишдан муддао мавжуд сўз хазинангизни бойитиш, билимингизни ошириш, фикрат уфқларингизни янада кенгайтириш ва уларни турмуш тарзингизга сингдиришдир. Севимли адибимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романидан орттирмай ва камитмай ёзган “Меҳробдан чаён” романини мутолаа қилсангиз, шундай фазилатларга эга бўласиз.

Моҳинур МЎМИНОВА,

Ислом Каримов номидаги

Электр энергетика факультети талабаси.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Орттирмай ва камитмай ёзилган роман