Ортиқча тўланган солиқлар қайтарилди
Тошкент вилоятидаги тадбиркорларга жорий йилнинг ўтган даврида 522 миллиард сўм ортиқча тўланган солиқ маблағлари қайтарилди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ интизомли солиқ тўловчиларга ўрни қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтаришни тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши белгиланди.
Тадбиркорларнинг ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказишнинг янги тартибига кўра, солиқ органлари томонидан уларнинг фаолияти 7 кунлик муддатда автоматлаштирилган тизим орқали таҳлилдан ўтказилиши ва солиқ хавфининг паст, ўрта ва юқори даражаларига ажратилади. Шунингдек, ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи солиқ тўловчиларда ҳамда уларнинг контрагентларида фаол ҚҚС гувоҳномасининг мавжудлиги билан белгиланмоқда.
Таъкидлаш керакки, биргина Тошкент вилоятида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларининг 11 минг 671 таси қўшилган қиймат солиғи тўловчилардир. Жами 161 минг 26 та тадбиркорлик субъектлари рўйхати таҳлил қилинганда улардан 1 минг 559 таси солиқ хавфи паст даражада бўлган, 13 минг 476 таси солиқ хавфи ўрта даражада ва 145 минг 991 таси солиқ хавфининг юқори даражасига тушган солиқ тўловчилар экани аниқланди.
А.Мусаев, ЎзА