Германиянинг Рейн-Рур ҳудудидаги Дуйсбург, Бохум, Эссен, Хаген ва Мюльхайм шаҳарларида XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида мамлакатимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон талаба-спортчилар делегацияси тантанали кутиб олинди.
Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборига муносиб ҳисса қўшган спортчиларимизни Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан мутасаддилар, спортчилар, уларнинг мураббийлари, ота-оналар Германияда ўтган 32 Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида мамлакатимизнинг талаба-спортчилари 58 мамлакатнинг 5 минг 100 нафардан ортиқ талаба-спортчилари орасида 4 та олтин, 4 та кумуш ҳамда 7 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоада 13-ўринни эгаллагани мамлакатимиз спортининг юксак ғалабаси бўлганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, бундай улкан ғалабалар давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
[gallery-24518]
Ўзбекистон спорт жамоасининг Ҳамдўстлик мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, Туркий давлатлар кесимида иккинчи, Осиё қитъаси давлатлари қаторида тўртинчи ўринни эгаллагани чинакам ғалаба бўлди.
Енгил атлетикачи қизимиз Шарифа Давронованинг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларининг ғолиблари билан беллашувларда олтин медалга эга чиқиши, бадиий гимнастикачимиз Тахмина Икромованинг ҳалқада ва тасмада машқ бажаришда олтин, булава ҳамда кўпкураш баҳсларида кумуш, жами 4 та медални қўлга киритиши, таэквондочиларимиз Мадина Мирабзалова, Шамсиддин Қурбонов, Нажмиддин Қосимҳожиев ва Марат Мавлоновларнинг мустаҳкам иродаси, дзюдочиларимиз Лазиза Ҳайдарова ҳамда Шукуржон Аминова, баттерфляй усулида сузиш баҳсларида янги рекордларни ўрнатган Элдорбек Усмонов каби спортчиларимизнинг кўрсатган матонати янги Ўзбекистон спортчиларининг мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик шодиёналарига муносиб туҳфасидир.
Мамлакатимизнинг 18 та олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 53 нафар талаба-спортчилари Германия спорт майдонларида 11 та спорт тури бўйича мусобақаларда беллашди.
Янги Ўзбекистоннинг “олтин авлоди” бўлган спортчиларимиз сузиш, бадиий гимнастика, енгил атлетика, таэквондо WТ ва дзюдо баҳсларида муваффақиятга эришди.
Бундан бир йил муқаддам якунланган Париж Олимпиадасида юксак жасорат кўрсатган спортчиларимиз 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритиб, 200 дан ортиқ давлат орасида 13-ўринни эгаллаб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги тараққиёти борасидаги юксак салоҳиятини намойиш этганди.
Германияда ўтган Универсиада ўйинларида ҳам умумжамоада 13-ўриндан жой олишимиз 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА