1 сентябрь – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни Янги Ўзбекистон боғида кенг нишонланди. Байрами шуқуҳи мамлакатимизни тарк этгани йўқ. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами бу йил - “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя шиори остида нишонланди.
Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, миллий истиқлолимизнинг шонли ўттиз тўрт йиллик санаси халқимиз ва давлатимиз ҳаётига тобора сингиб бораётган Янги Ўзбекистон феноменини дунёнинг илғор мамлакатлари томонидан тобора эътироф этилаётган бир вақтда нишонлангани билан ҳам аҳамиятлидир.
Таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистон орзуси билан бошланган улкан ислоҳотларимиз туфайли мамлакатимизга янги замон руҳи кириб келди. Энг муҳими, одамлар буни ўзларининг кунлик турмуш ҳаётида ҳис эта бошлашди.
Биласизми, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон Стратегияси” асари муқаддимасида шундай сўзлар бор: “Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас”. Мазкур ибора пайдо бўлганидан буён минг йиллар ўтди. Бу бутун коинот, табиат ва башарият доимий ўзгаришда, янгиланишда деганидир”.
Ҳеч аҳамият берганмисиз, Янги Ўзбекистонни ҳар бир тонги кечагидан кўра бугун ўзгача шукуҳ ва тароват ила отмоқда. Бунинг бош омили ортга қайтмас ислоҳотларимиз ва бунёдкор халқимизнинг фидокорона меҳнати, шунингдек, келажакка бўлган қатъий ишончи десак асло муболаға бўлмайди. Албатта, бу бежиз эмас. Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси – бу шунчаки хоҳиш-истак бўлмаган, балки давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб, жанажон Ватанимизни жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айлантириш истаги, таъбир жоиз бўлса, халқимизнинг асрий орзу-интилишидир.
Маълумки, кейинги йилларда “Давлат – инсон учун” тамойили барча соҳадаги ислоҳотларимизга бош мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу бежиз эмас, албатта. Президентимиз ташаббуслари билан илгари сурилган ислоҳотлар замирида энг аввало, Аллоҳ таоло барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азиз қилиб яратган Инсон ва уни улуғлаш ғояси ётганидир. Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асл моҳияти ҳам шунда.
Давлат Раҳбари ўзининг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарида шундай ёзади:
“Биз учун Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий, адолатли қонунлар амал қиладиган, мустақил судлар одил қарорлар чиқарадиган, Конституция ва қонун устуворлиги таъминланган давлат”дир.
Шу ўринда Конституция ва қонун устунлиги ҳамда унинг самарали таъминлаш йўлида олиб борилган сўнгги йиллардаги ислоҳотлар хусусида сўз юритишни лозим деб биламиз. Чунки, Конституция ва қонун устунлигини таъминланиши халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Конституциямизда ўз аксини топган ҳаётий тамоилларни тўлиқ рўёбга чиқариш, уларни ҳаётимизга, миллий анъаналаримизга айлантириш келгусида ўз олдимизга қўйган мақсадларимизнинг амалдаги ижросини муҳим шартидир.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид келиши мумкин эмас. Мазкур конституциявий норманинг ижросини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 132-моддаси, биринчи қисмига мувофиқ, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди мустақилликни дастлабки йилларида ташкил этилган бўлсада, унинг ўтган йиллар давомида фаолияти давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни кўпроқ соя остида қолар эди. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бўлган. Бироқ, бугун биз кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомилаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапирмоқчимиз. Чунки, бутун фаолияти давомида Конституция устунлигини таъминлаш бўлган ва суд ҳокимиятини алоҳида тармоғи ҳисобланган Конституциявий суд - айнан Янги Ўзбекистон шароитида муҳим ваколатларга эга бўлди, таъбир жоиз бўлса, қайта шакллантирилди.
Маълумки, 2017 йилга қадар Конституциявий суд Асосий Қонунга мувофиқ жами тўртта ваколатга эга бўлган. Олиб борилган суд ислоҳотлари натижасида унга яна қўшимча бешта ваколат берилди. Тўғри, Конституциявий суд фаолияти, унинг ҳуқуқий асослари кейинги вақтларда жуда кенг ёритилмоқда. Бу аҳолини Конституциявий суд фаолияти билан кенгроқ таништириш ва унинг ваколатларини тушунтириш зарурати билан бевосита боғлиқ. Чунки, кўп ҳолларда фуқаролар конституциявий судга ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилишади. Бироқ, Конституциявий суд уларни конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бевосита эмас, балки билвосита ҳимоя қиладиган суд ҳокимияти эканлигини ҳар доим ҳам тўлиқ билишавермайди. Алоҳида таъкидлашни истардим, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақлидир.
Айнан шунинг учун ҳам Конституциявий суд фаолияти ва унинг ҳуқуқий асосларини кенг тарғиб қилиш, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни тарғибот-ташвиқот қилишда аҳамияти катта. Шунинг учун биз Конституциявий судга кейинги йилларда берилган ваколатларни асосий мазмун-моҳияти ва Конституция устунлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Қолаверса, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2022 йил 20 июнь куни бўлиб ўтган Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Конституциянинг олий юридик кучга эга экани, тўғридан-тўғри қўлланиши, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли экани қайд этилмоқда. Буларнинг барчаси Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Мазкур суд бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди” деб алоҳида таъкидлаган эди.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорларидан ташқари)нинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди.
Келинг, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар доирасида Конституциявий судга берилган муҳим ваколатларга тўхталиб ўтайлик. Мана, масалан:
Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар – Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ваколати.
Одатда дунё амалиётида “олдинги” ва “кейинги” конституциявий назорат институти мавжуд. Конституциявий кенгашлар ёки Конституциявий назорат қўмиталари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишидан олдин, аниқроғи, кучга кирмасдан туриб уларни конституциявийлиги ҳақида хулоса беради. Буни “олдинги” конституциявий назорат институтига мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киргандан кейин, агар тегишли субъектлар томонидан уларни белгиланган тартибда конституциявийлигини текширишни сўраб Конституциявий судга мурожаат этилса ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги иш кўрилиши “Кейинги” конституциявий назорат институтига мисол бўлади.
Кўриб турганингиздек, Конституциявий судлар конституциявий назоратни “кейинги” шаклда амалга оширса, Конституциявий кенгашлар ёки Конституциявий назорат қўмиталари конституциявий назоратни “олдинги” шаклда амалга оширишга даъват қилинган.
Нима учун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига конституциявий назоратни “олдинги” шаклда амалга ошириш ваколати берилди? Биз бунинг объектив сабаблари бор деб ўйлаймиз.
Маълумки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари конституциявий қонунлар тарзида қабул қилиниши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилиши конституциявий норма даражасида мустаҳкамланган.
Кўриб турганингиздек, ҳар икки қонуннинг аҳамияти ва моҳиятидан келиб чиқиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш, аниқроғи, улар кучга киришидан олдин Конституцияга мувофиқлигини текшириш энг тўғри йўл бўлган.
Янгиланган Конституцияда Конституциявий суднинг яна бир ваколати бу – референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш.
Бу таклиф ҳам айнан мамлакат Президенти томонидан биз юқорида айтиб ўтган Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда илгари сурилган. Эсингизда бўлса, ўшанда Конституцияга киритилаётган ўзгратиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий пирнципларига зид эмаслиги, яъни амалдаги Конституцияга мувофиқлигини Конституциявий суд кўриб чиқиб, хулоса бериши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2023 йил 10 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорини (иловаси билан) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисида Конституциявий судга мурожаат қилди.
Конституциявий суд ўзининг 2023 йил 13 март куни бўлиб ўтган мажлисида ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори ва ушбу қарорга илова қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлмайдиган масалалар мавжуд эмаслиги, шунингдек, ушбу Конституциявий Қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, деб топган. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳақидаги биринчи қарори эди.
Яна бир ваколат - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиш.
Маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этишда одил судловни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади
Одил судлов таъминлашда эса, аввало, Конституция ва унга мувофиқ қабул қилинган адолатли қонунлар муҳим аҳамият касб этади. Ана ундан кейингина салоҳиятли судьялар томонидан адолатли қонунларни амалда қўллай билиш десак асло муболаға бўлмайди.
Қолаверса, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.
Демак, муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиш ваколатини Конституциявий судга берилиши, энг аввало, Конституцияга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини ўз вақтида аниқлаш, шунинг баробарида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қолаверса, судьялар фақат қонунга мувофиқ одил судловни амалга ошириши ва адолатли ҳукм чиқаришида муҳим аҳамият касб этади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколатини Конституциявий судга берилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишга ва унинг ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нима учун мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот айнан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилади.
Бизнингча, бунинг сиёсий аҳамияти бор. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар икки субъектга фуқаролар, таъбир жоиз бўлса Ўзбекистон халқи бевосита ваколат беради ва улар фақат халқ олдида масъул бўлади. Илғор демократик мамлакатларда ҳам шундай. Давлат ҳокимияти тизимида бошқа бундай олий давлат вакиллик органи ҳам, олий мансабдор шахс ҳам йўқ.
Демак, бундай амалиёт, энг аввало, мамлакатимиз қонун чиқарувчи ҳокимият соҳиби бўлган Олий Мажлис ва Давлат бошлиғининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати ҳақида огоҳ этади. Иккинчидан, Конституция устуворлиги ва унинг нормаларини амалиётга тадбиқ этишда монелик қилаётган айрим норматив-ҳуқуқ жужжаларни такомиллаштириш зарурлигига давлат органлари ёки мансабдор шахсларни эътиборини қаратади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз суд ҳокимиятининг алоҳида тармоғи бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштириш бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритишмиздан асосий мақсад, Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар том маънода ортга қайтмаслигини яққол тасдиқлайди.
Мамлкатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари билан мақоламизга хулоса қилмоқчимиз:
“Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди. Ана шундай буюк бахт ва шараф барчамизга ёр бўлсин!”
Абдуманноб Рахимов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди судьяси.