Ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди – Президент
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда давлатимиз раҳбари йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади.
– 35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди Президент.
Ушбу ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратаётган фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийлар, инсон ҳаётини асраётган шифокорлар меҳнатида намоён бўлишини қайд этди.
Шунингдек, илм-фан тараққиётига янги ғоя ва кашфиётлар олиб кираётган олимлар, замонавий корхоналар барпо этаётган саноатчи ва тадбиркорлар, шаҳар ва қишлоқларни обод қилаётган қурувчи ҳамда архитекторларнинг ҳиссасига алоҳида тўхталди.
ЎзА