Ёшлик инсонга берилган неъматлар, имкониятлар ичида энг бебаҳоси бўлиб, билим олишга чанқоқлик, ишонч ва орзу-умидга тўла давр ҳисобланади.
Ундан тўғри фойдаланиш, билим олиш, касб-ҳунар ўргатиш ва юқори марраларни эгаллаши муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозир жамиятимизда ҳар жабҳада ижтимоий фаол, билимли ёшлар кўп. Давлатимиз раҳбари ёшларни Ватанимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинасига қиёслагани ҳам бежиз эмас.
Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган тантанали байрамда Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, иқтидорли, ўз интилишлари билан юқори натижаларга эришган қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади. Ҳозирги кунда бундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар сони 339 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг кўпчилиги ҳаётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгарак раҳбари Зилола Назарова ҳам ушбу юксак мукофот совриндори бўлди. У санъат йўналишининг тасвирий санъат – портрет, пейзаж, натюрморт йўналишларида ижод қилади. Ижод намуналарида болаликнинг беғубор туйғулари, Ватан, она табиат манзараларини акс эттиришга ҳаракат қилади.
– Олти ёшимдан расм чизишни бошлаганман, – дейди Зилола Назарова. – Дадам Эргашбой Шарипов рассомлиги ва шу муҳитда катта бўлганим ҳам асосий туртки бўлган. Айнан биринчи ютуғим ўзим ўқиган Республика болалар мусиқа ва санъат мактаби билан боғлиқ. Мазкур мактабнинг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган танловда ўз ижодий ишим билан биринчи ўринни эгаллаганман. Эслайман, ўшанда мени қўллаб-қувватлаган ота-онам, яқинларим жуда хурсанд бўлган эди.
Қаҳрамонимиз коллежда ўқиган даврида дастгоҳли ранг тасвир йўналишида билим олади. Устози Зуҳриддин Исломшипов барча шогирдлари қатори Зилоланинг ҳам маҳоратини ошириш, гўзал асарлар яратиш устида ишлайди. Шу билан бирга, ўқиш жараёнида тўғри маслаҳатлари билан уни юқори марраларга интилишига кўмаклашади. Саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Бир йилдан сўнг, яъни 2012 йилда ёш рассом «Илк қадам» номли ўз кўргазмасини ўтказди. Унда турли жанрлардаги 60 дан ортиқ ижодий асари намойиш қилинган.
– Ранг-тасвир бу – ҳиссиёт билан боғлиқ, – дейди Зилола.
– Ижодкор инсон ўз ҳис-туйғуларини санъатнинг турли йўналишларида, жумладан, мусиқа, ҳайкалтарошлик намунаси ва оқ қоғозга рангли бўёқлар орқали ҳам ифода қилиши мумкин. Мен ҳам атрофимда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан илҳомланганимда сурат чизишни яхши кўраман.
Тасвирий санъатда ўз ўрнини топишга интилган Зилола 2016 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига қабул қилинганидан кейин ўз маҳоратини ошириш борасида кўп меҳнат қилди. Олийгоҳда унга устоз Муҳаммадёр Тошмуродовнинг устахонасида расм чизишнинг энг нозик жиҳатларини ўрганди. Билимини ошириб, мамлакатимиз ва жаҳондаги машҳур рассомлар ижоди билан танишди. Дўстлар орттириб, соғлом рақобатда чиниқди.
Зилола турли ижодий танлов ва кўргазмаларда қатнашишдан тўхтамади. У 2009 йилдан буён «Энг азиз, энг улуғ», «Табиат ва рассом» каби нуфузли кўргазмаларда иштирок этган. 2018 йил «Тасвирий ва амалий санъат фестивали»да Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан фаол иштироки учун сертификат билан тақдирланган. 2019 йил Хитойда ўтказилган «Халқаро ипак йўли бирлашмалари» Халқаро тасвирий санъат кўргазмасида фаол иштироки учун сертификати билан тақдирланган.
Шу билан бирга, у замонавий ахборот-технологияларини яхши ўзлаштирган. “ziyonet”, “kitob.uz”, “ijod.uz” каби бир қатор сайтларда ёритилаётган янгиликлар, маълумотлар ва керакли ахборотлардан мунтазам равишда фойдаланиб туради. Спортнинг баскетбол тури билан шуғулланади.
Ўтган вақт давомида ўз интилишлари ва эришган ютуқлари билан тўхтаб қолишни истамаган ёш рассом қизга Зулфия номидаги Давлат мукофоти орзу эди.– Янги ташаббусларни бошлашимда менга онамнинг далдаси куч берди, – дейди З.Назарова.
– Ҳар йили баҳор фаслининг гўзал айёми – 8 март Халқаро хотин-қизлар байрамида Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг энг фаол қизлари ушбу мукофот билан тақдирланади. Мен уларга ҳавас қилардим ва бу менинг орзуимга айланган эди. Ниҳоят бешинчи маротаба мукофот учун ҳужжат топширганимда Давлат мукофотига лойиқ кўрилдим. Бу эътироф мен учун катта масъулият, янги марралар сари илдам қадам ташлашимда доим туртки бўлади.
Одатда талабалик давридан сўнг кўпчилик ёшлар Пойтахтда қолиб ўз ишини давом эттириш, билим олишга ҳаракат қилади. Лекин ўзи яшаётган туман ва шаҳрига бориб ишлаб, юрт равнақига ҳисса қўшаётган ёш мутахассислар ҳам кўпаймоқда. Уларнинг бири Зилоладир.
Жорий йилнинг январь ойидан Ўрта Чирчиқ туманидаги «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгарак раҳбари сифатида иш бошлаган Зилоланинг ўқувчилари ҳозир 50 нафардан ортди. Ҳудудда санъатга қизиқувчи болалар кўп. Уларни қўллаб қувватлаш, тўғри йўл кўрсатишда ижодкор тўгарак раҳбари барчага ўрнак.
А. Мусаев, ЎзА