Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани маъмурий марказида 2 қаватли замонавий ахборот кутубхона маркази қурилиб фойдаланишга топширилди.
Хусусан, Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Уйғур” маҳалласидаги бўш бино “Developing construction” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий даражада реконструкция қилиниб, кутубхона марказига айлантирилди. 2 қаватли бинода жами 12 та хона мавжуд бўлиб, кичик китобхонлар учун ўқиш зали, ахборот коммуникация технологиялари, электрон кутубхона, анжуманлар зали, фондларни сақлаш ва уларга ишлов бериш, ахборот библиография, умумий фонд ва абонементларга хизмат кўрсатиш бўлимлари, архив ва маъмурият хоналари мавжуд.
– 2020 йилда фаолиятини бошлаган марказда ҳозирги кунда китоб фонди салкам 12 мингтани ташкил этмоқда дейди, – марказ ахборот коммуникация технологиялари хизмати раҳбари Муҳайё Отабекова. – Айни кунларда марказ китоб фондини бойитиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, жойларда ишлар амалга оширилмоқда. Муҳими, ёшларимиз ўртасида китобхонликни оммалаштиришга имкон яратилди.
Ахборот кутубхона маркази китоб фондини кўпайтириш мақсадида, туман ҳокимлиги томонидан 445 номдаги 50 миллион сўмлик янги китоблар тақдим этилди. Ҳокимлик томонидан тақдим этилган бу совға ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, туманда китобхонларга китоб тарғиботини олиб боришда бизга катта ёрдам бермоқда.
Бугунги кунда туманда китобхонлар сони 2 минг 200 нафарга етади. Шундан, ахборот кутубхона марказига аъзо бўлган китобхонлар 500 нафарни, қолгани кўчма кутубхона китобхонлари, электрон кутубхона каналига аъзолар сафи ҳам ортиб бормоқда. Эътиборлиси, мазкур марказга аъзо бўлиб, электрон кутубхона орқали Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китоб фондларидан ҳам фойдаланиш имконига эга бўлади.
“2020-2021 йиллар давомида Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурида”ги ёшлар маънавиятини юксалтириш, жойларда кутубхоналар ташкил этиш ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тумандаги мавжуд 62 та умумий ўрта таълим мактабларида “Мактабларда ўқилиши шарт бўлган 100 китоб”, “Мен ўқиган китоб зиё нур маскани” ва бошқа мавзуларда оммавий тадбирлар ўтказилиб, янги китоблар тақдимотлари ҳам бўлиб ўтмоқда.
А.Мусаев, ЎзА