Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида фаолият юритаётган “Anist Frukt” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий технология асосида куз-қиш мавсумида ҳам қорамолга озуқа етиштирилаяпти. Бунинг учун махсус контейнерларда гидропоника усулида арпа, буғдой, маккажўхори ва бошқа ўсимликлар ўстирилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тайёрланаётган маҳсулот силосли сомон ўрнини босиб, чорванинг ўтлоқда ўтлаб юрган пайтидаги билан баробар. Шунинг учун сут 20 фоизга кўпаяди.
Униб чиққан буғдойни гидропоник яшил озиқ-овқат деб ҳам аташ мумкин. Унда умуман кимёвий моддалар йўқ. Тайёр озуқа зарур витаминларга бой, шунинг учун қорамолларга ортиқча турли хил синтетик моддаларни бериш шарт эмас. Биргина арпа майсасидан тайёрланган озуқа маккажўхори силоси ўрнини тўлиқ боса олади. Бундан ташқари, ушбу озуқалар бошқаларга нисбатан хазм бўлиши 3 баробар яхши.
Мамлакатимизда ушбу технология асосида маҳсулот етиштириш илк бор қўлланилаётган бўлиб, ҳудудлардаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган. Эътиборлиси бошқа турдаги экинларни ҳам ўстириш мумкин. Бу ишларни эса Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилиш мумкин.
– Ўртача битта контейнердан ҳар 6 кунда 2 минг 500 килограммгача маҳсулот олиш мумкин, – дейди корхона рахбари Вазген Саркисян. – Масалан, бир кунда 30-40 литр берадиган соғин сигирларга 12 килограмм шу ўтлардан, 1,5 килограмм маккажўхори ва 2 килограмм шрот берса кифоя ҳеч қандай витаминларсиз. Бу жонивор учун етарлича колорияни таъминлайди. Ҳозир ушбу технологиядан ривожланган мамлакатлар кенг фойдаланилади. Бошқа хориж давлатлардан тайёр контейнерларни буюртма қилиш бироз қиммат бўлгани учун Хитойдан зарур жиҳозларни олиб келиб, шу ерда бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда ясадик. Натижалар эса кутганимиздек бўлмоқда.
Махсус контейнерлардаги иссиқхона инсон омилисиз ишлайди. Шундай бўлса ҳам 10 нафар ишчи жараёни назорат қилиб туради. Парваришланаётган ўсимликларга сувни етказиб бериш белгиланган меъёр бўйича берилади. Жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, махсус вентиляторлар ҳавони алмаштиради. Белгиланган намлик 50-70 фоиз сақланади ва ички ҳарорати доимо 20 даража илиқ бўлади.
ЎзА