Оромгоҳлар – янги авлод орзуларига қанот
Саратоннинг қайноқ кунларида соя-салқин манзиллар, тоза сувли ҳовузлар, тошқин сой соҳилларида мириқиб ҳордиқ чиқармоққа нима етсин?! Бундай масканларда инсон танаси яйраб, руҳи тетиклашади, теварак-атроф, олам гўзаллигини бутун вужуди, қалби билан ҳис этади.
Айни кунларда таътилга чиққан болажонлар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида мана шундай мароқли дам олмоқдалар.
Қайд этиш лозимки, бу йилги ёз мавсумида Фарғона вилоятида жами 14 та стационар оромгоҳ фаолият юритиши режалаштирилган бўлиб, шундан 4 июль ҳолатига 11 та стационар оромгоҳ ўз фаолиятини олиб бормоқда. Болалар дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги 8 та оромгоҳда 1 июлдан мавсумнинг 3-сменаси ҳам бошланди. Мазкур сменада жами 1 минг 445 нафар ўғил-қиз ёзни соз ўтказмоқда.
Қувасой шаҳридаги “Водий гавҳари” оромгоҳи айни пайтда 350 нафарга яқин болажонни ўз бағрига олган. Бу ерда болалар вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни соғломлаштириш учун барча шароит яратилган. Спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзаси, кутубхона, маданий дам олиш учун мўлжалланган саҳналар – болалар хизматида. Оромгоҳда турли тўгараклар фаолият юритмоқда. Оромгоҳ 5 навбат бўйича болаларни қабул қилади.
[gallery-18330]
– Оромгоҳимизда болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган турли маданий-маърифий тадбирлар, “Заковат” интеллектуал ўйинлари мунтазам равишда ўтказилиб, уларда театрлар ва концерт-томоша гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштироки таъминланмоқда, – дейди оромгоҳ раҳбари Умида Фармонова. – “Бахтли болалик” лойиҳаси ҳамда “Водий гавҳари – ёш авлод келажак йўлини қиламиз обод!” шиори остида ўтказилаётган кўнгилочар тадбирлар, бадиий кечалар, айниқса, расм чизиш, эстафета ўйинлари, шахмат-шашка, футбол бўйича спорт мусобақалари ёш дам олувчиларимизга олам-олам қувонч бахш этмоқда.
– Бу ерга бешинчи бор келишим, – дейди Қувасой шаҳридаги 25-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Зайнабхон Жамолдинова. – Оромгоҳда ҳар бир кунимиз завқли ўтмоқда. Менга, айниқса, китобхонлик ва инглиз тилида ўтказилаётган машғулотлар жуда ёқяпти.
“Водий гавҳари” ёзги соғломлаштириш оромгоҳи болажонларга унутилмас таассуротлар улашишда давом этмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА