Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан 2021 йил ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича болалар соғломлаштириш оромгоҳларида амалга оширилаётган ишлар ўрганиб чиқилди.
Унга кўра, ташкилот ва корхоналар тасарруфида жами 19 та оромгоҳлар мавжуд бўлиб, шундан 13 таси Бўстонлиқ туманида, 1 таси Паркент туманида, 1 таси Пискент туманида, 1 таси Оҳангарон туманида ва 1 таси Ангрен шаҳрида жойлашган.
Жорий мавсумда 5 сменада жами 9 минг 170 нафар болаларни ёзги оромгоҳларда соғломлаштириш режалаштирилган.
Белгиланган талаблар бўйича болалар соғломлаштириш оромгоҳларига олиб борувчи йўллар, кўприклар аҳволи, оромгоҳлар атрофи ўралгани, таъмирлангани, ёнғинга қарши ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, ётоқхона, павильон, ҳожатхона, ювиниш хоналари, ошхона ва тиббиёт хонасининг жиҳозланиши, “Маънавият-маърифат” хонаси, кутубхона ҳамда тўгарак хоналарининг ташкил этилганлиги, спорт майдончалари, сузиш ҳавзасининг мавжудлиги ҳам алоҳида назоратга олинди.
Ўрганишлар якунларига кўра, жойлардаги “Коинот”, “Йўлчи”, “Ёшлик”, “Ниҳол”, “Гулзор”, “Сижжак” каби 6 та оромгоҳ болаларни қабул қилишга тайёр ҳолга келтирилган. Бундан ташқари, “Кимёгар”, “Метталург”, “Булоқча” ва “Тонг” оромгоҳларида ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда, “Бойчечак”, “Келажак”, “Янги авлод”, “Камалак” ва “Офтобжон” оромгоҳларида эса жорий таъмирлаш ва пардозлаш, санитария талабларига мослаштириш ишлари давом этмоқда.
Ўз навбатида “Ҳумо” ва “Чимён” оромгоҳларида болаларни қабул қилиш июль ойига белгиланганлиги сабабли бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари охирига етказиляпти.
Бугунги кунда “Келажак” болалар оромгоҳида 100 нафарга яқин болалар соғломлаштирилмоқда. Режага мувофиқ қолган оромгоҳлар 10 июнь кунидан кейин болаларни қабул қилишни бошлайди.
– Умуман олганда ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ободонлаштириш ишлари якунига етиб болаларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши аппарати бўлим мудири Баходир Холмурзаев.
– Барча оромгоҳларга Фавқулодда вазиятлар, ИИБ, Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими бошқармаларидан ходимлар бириктирилди. Шунингдек, ҳар бир оромгоҳда болаларни мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратилди.
А.Мусае ЎзА