Оромгоҳлар болаларни чорламоқда
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунидан бошлаб ўқувчилар ёзги дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳлари сари йўл олади. Болажонларнинг ёзги таътил мавсумини юқори савияда ўтказишларини кўнгилдагидек ташкил этиш мақсадида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Дам олиш масканлари мавсумга тайёр эканини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Болаларнинг дам олишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги Шароф Рашидов туманидаги Шароф Рашидов номли ҳамда “Energy” болалар соғломлаштириш оромгоҳларида бўлдик.
Тумандаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Уобсой қишлоғида ёнма-ён жойлашган ушбу икки оромгоҳга олиб борувчи автомобиль йўлининг Равот қишлоғидан кейинги сўнгги километрларида баҳор мавсуми серёғин келганлиги сабабли ҳосил бўлган ўйдим-чуқурлар таъмирланмаганига (29 май) гувоҳ бўлдик ва бу автомобиль ҳаракатида анча ноқулайликларни келтириб чиқариши, шубҳасиз. Дам олиш мавсуми бошланишига 2-3 кун қолганига қарамай, автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмагани бироз кишини ранжитади.
– 100 ўринли оромгоҳнинг умумий майдони 3,5 гектардан иборат, сердарахт, тоғ бағридаги сой бўйида, соя-салқин ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда ёзда ҳарорат 30 даражадан ортмаслигини таъкидлаб ўтган бўлардим, – дейди Шароф Рашидов номли оромгоҳ директори Замира Тўйчиева. – Жорий йилги ёзги дам олиш мавсумида оромгоҳда бир сменада 100 нафар, бутун мавсум давомида 400 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Лекин бизда болажонларнинг ёз мавсумида мириқиб дам олиши учун қўшимча яна 2 ва ҳатто 3 босқичда ҳам дам олишни мазмунли ташкил этиш имконияти бор.
Барча зарур қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, ошхона жиҳозларини 100 фоиз янгилаяпмиз. Спорт майдонлари мусобақаларни ўтказишга тайёр, спорт инвентарлари ҳам етарли. Чўмилиш ҳавзасида олиб борилаётган тозалаш ишлари якунига етказилмоқда.
[gallery-17648]
Дам олувчиларга 120 ўринли ошхонада 3 маҳал иссиқ овқат ва 2 маҳал енгил нонушта берилади. Тарбиячи, етакчи, йўриқчи, жисмоний тарбия, мусиқа мураббийлари, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ходимлари мавсум бошланишидан 1 кун аввал етиб келиши белгиланган.
Кузатишларимиз “Energy” оромгоҳида давом этди. Ушбу маскан 135 ўринга мўлжалланган. Дам олиш муассасасининг умумий майдони 4,2 гектарни ташкил этади. Бу ердаги ишчи-хизматчилар ўзларига бириктирилган барча таъмирлаш, тозалаш ишларини кўнгилдагидек адо этишган. Фақат ушбу оромгоҳдаги жиҳозлар анча эскирган. Айниқса, 200 ўринли ошхона стулларининг талабга жавоб бермаслигига гувоҳ бўлдик.
– Сизлар ўрганиш ўтказган 2 та болалар оромгоҳи билан қўшиб ҳисоблаганда вилоятимиздаги мавжуд 10 та болалар дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳида жорий ёз мавсумида 4 босқичда 4 минг 340 нафар ўқувчи ўғил-қиз дам олишини режалаштирганмиз ва бугунги кунга келиб, вилоятимизнинг тоғли ва соя-салқин туманларида жойлашган оромгоҳларда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари якунига етган. Айрим оромгоҳларга олиб борувчи ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳали давом этмоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Бегзод Қосимов. – Жиззах вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва мутасадди ташкилот вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўтказилган ўрганишларга асосланиб, қуйидагиларни айтишим мумкин. Департамент тасарруфидаги учинчи оромгоҳ Зомин тумани Қўриқ қишлоғида жойлашган 150 ўринли “Юлдузча” соғломлаштириш муассасасидир. Ушбу оромгоҳни мавсумга тайёрлаш бўйича қурилиш-таъмирлаш, тозалаш, ободонлаштириш ишлари тўлиқ якунланди ва у болажонларни қабул қилишга тайёр.
Зомин туманидаги вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли 140 ўринли “Зомин”, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли 100 ўринли “Лочин”, “ART SUNRISE” МЧЖга қарашли 150 ўринли “ZOMIN-SUNRISE” ҳамда Ғаллаорол туман 1-сонли спорт мактабига қарашли 100 ўринли “Камолот” болалар соғломлаштириш оромгоҳларини ҳам мавсумга тайёрлаш бўйича қурилиш-таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва тозалаш ишлари якунланди ва оромгоҳлар мавсумга тайёр.
Фориш туманида жойлашган “Ҳудудгаз” Жиззах газ таъминоти филиалига қарашли 150 ўринли “Зангори олов”, “Resposible Travel” МЧЖга қарашли 120 ўринли “Жилғача” ҳамда “Фориш болалар оромгоҳи” МЧЖга қарашли 100 ўринли “Коинот” оромгоҳларида ҳам қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва тозалаш ишлари амалга оширилган.
Ҳозир Жиззах вилоятидаги оромгоҳлар болажонларни қабул қилишга тайёр. Аммо, Фориш тумани ҳудудида жойлашган оромгоҳларга элтувчи йўллар ва электр узатгичлар билан боғлиқ муаммолар энг қисқа фурсатларда бартараф этилмаса, ушбу ҳудудга дам олиш мақсадида келган болажонларимизнинг дам олишларида муаммолар келиб чиқмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари