Оролбўйида “Саломатлик марафони” бошланди
Жорий йилнинг 2 октябридан 31 октябригача Қорақалпоғистон Республикасида “Саломатлик марафони” тадбирлари бўлиб ўтади.
Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида мазкур марафоннинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар таъкидланганларидек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз ташқи муҳитга, 20 фоиз генетик омилларга, 9 фоиз соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ. Ҳозирга келиб мамлакатимиз аҳолисининг 56 фоизида ортиқча вазн, 30 фоизида сурункали касалликлар бор. Бунга албатта COVID-19 пандемияси ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Шундан келиб чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бу жараёнда касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлашга қаратилган оммавий тадбирлар катта самара беряпти. Айниқса, мазкур акциялар орқали мамлакатимизнинг чекка ва олис ҳудудлари қамраб олинаётгани тиббиётни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
“Саломатлик марафони” давомида аҳоли кенг қатламини профилактик кўрик ва скрининг текширувларига жалб этиш, уларнинг ўз саломатлигига масъуллигини ошириш ҳамда касалликлар профилактикасига доир тушунчаларини бойитиш белгиланган. Тадбир Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника ва Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида ўтказилади. Марафонда 800 нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, оилавий шифокор ва патронаж ҳамширалари, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиалларининг етакчи мутахассислари ҳамда чет эллик шифокорлар иштирок этиши кутиляпти.
Нукус шаҳрида 3 та танлаб олинган жамоат жойида “Саломатлик майдончалари” ташкил қилинади. Бу ерда соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик бўйича 35 мингта тарқатма материаллар тарқатилади. Бундан ташқари, ушбу манзилларда антропометрия, қон босими ва пульс ўлчаш каби кичик процедуралар амалга оширилади. Марафон 2 босқичда, ҳафтанинг барча кунларида, соат 08.00.дан 17.00.га қадар ўтказилади.
Биринчи босқичда Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиниканинг патронаж ҳамширалари режа асосида аҳолини профилактик кўрикларга таклиф этади. Аҳоли оммавий скрининг текширувлари ва профилактик кўриклардан ўтказилади ҳамда сурункали касаллиги бор беморлар республиканинг етакчи мутахассислари кўриги ҳамда юқори технологик текширувлар учун сараланади. Заруратга кўра, мурожаатчилар 18 турдаги лаборатор ва 29 турдаги инструментал текширув ва тор соҳа мутахассисларига йўлланади.
[gallery-25582]
Иккинчи босқичда Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида мобиль ва стационар ускуналар ёрдамида инструментал текширувлар, селектив скрининг ҳамда сурункали касаллиги бор аҳоли учун Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари етакчи мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, кўрсатма асосида қўшимча текширувлар амалга оширилади. Амалга оширилган тиббий кўрик натижадорлиги қуйидаги 8 та мезон бўйича баҳоланади.
Тиббий кўрик натижаларига кўра, аҳоли 3 гуруҳга ажратилади. Амалий соғлом деб топилганларга соғлом турмуш тарзи асослари бўйича тавсиялар берилади, хавф гуруҳига мансуб аҳоли учун индивидуал режа асосида зарарли одатлардан халос бўлиш ва касалликлар профилактикаси бўйича маслаҳат берилади. Касаллиги аниқланганлар амбулатор ва стационар (кундузги стационар, шаҳар ва республика шифохоналарида) даволанишга юборилади.
Марафон асосида Нукус шаҳрининг 96,7 минг нафар аҳолисини 7 турдаги скрининг текшируви ва профилактик кўрик билан қамраб олиш режалаштирилган. Бунинг учун мобиль маммографлар, флюорографлар, ангиограф, УЗИ-аппаратлари ва офтальмологик жамланмалар жалб этилади. Клиник ва биохимик лаборатор текширувлар ўтказилади.
Ўз навбатида, текширув натижалари ягона электрон база — DMED ахборот тизимга киритилиб, келгусида беморларнинг саломатлиги доимий мониторинг қилиб борилади.
Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи аҳолининг жисмоний ва руҳий фаровонлигини таъминлайди. Пировардида касалланиш ҳолатлари камайиб, умр кўриш давомийлиги ошади, фуқароларнинг ҳаёт сифати янада яхшиланади. Бу эса мамлакат иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш соғлиқни сақлаш харажатларини камайтиришга ёрдам беради. Тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик юрак-қон томир касалликлари, диабет ва семириш хавфини камайтиради.
Мазкур марафон биринчи навбатда, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, уларда ўз саломатлиги ҳақида қайғуриш кўникмаларини мустаҳкамлаш ва тўғри овқатланиш маданиятини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА