Оролбўйида Давлат байроғи куни кенг нишонланмоқда
Нукус шаҳри марказидаги Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроқлари ўрнатилган майдонда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан самимий табриклади. Давлат байроғи халқимизнинг миллий ғурури, мустақиллиги, бирдамлиги ва эзгу мақсадлар тимсоли экани қайд этилди. “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ байроғи эстафетаси Қорақалпоғистондан бошланиб, Тошкент шаҳригача етиб боргани алоҳида таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу эстафета халқимизни ягона Ватан, муштарак қадриятлар ва улуғвор мақсадлар атрофида бирлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва давлат рамзларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Давлат байроғимиз доимо юксакларда ҳилпираб, юртимиз тинчлиги, халқимиз ҳамжиҳатлиги ва мамлакатимиз тараққиётининг ёрқин тимсоли бўлиб қолади.
Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар шаҳар ва туманларда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири