Оролбўйи аҳолисига яна бир қулайлик
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Саломатлик ҳафталиги” дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
– Аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида самарали хизмат кўрсатиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига йўлланма бериш механизмини такомиллаштириш мақсадида электрон йўлланма бериш жорий этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Умидулло Рисқиев.

– Аммо бугунги кунда ушбу тизимда муаммолар тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ. Оролбўйи аҳолиси пойтахтга бориб жарроҳлик амалиёти учун ойлаб навбатга туриши сир эмас. Муаммонинг ечими юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Дастур доирасида беморларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика ихтисослаштирилган марказларининг тиббиёт фанлари докторлари, тиббиёт фанлари номзодларидан ташкил топган 10 нафар малакали мутахассис юз-жағ пластик жарроҳлиги, абдоминал хирургия, интервенцион кардиология ва травматология ортопедия, қон томир жарроҳи, трансплантолог, кам инвазив жарроҳи йўналишлари бўйича жалб этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида жами 479 нафар бемор рўйхати мавжуд. Уларнинг 107 нафари юракда,102 нафари юз-жағдаги нуқсонлар сабаб, 127 нафари сунъий бўғим (эндопротез) ўрнатишга ва 130 нафари ошқозон ичак касаллиги, 13 нафари буйракни кўчириб ўтказишга муҳтож. Айни пайтда беморлар даволаниш учун Тошкентга боришга ва 2023 йилгача навбатда туришига тўғри келмоқда. Ушбу беморларни навбатидан олдин эҳтиёж бўлган жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш мақсадида малакали мутахассислар жойига чиққан ҳолда маҳаллий тиббиёт муассасаларининг моддий техник базаси даражасида иш бошлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА