Тошкент шаҳридаги “Ўрикзор” савдо мажмуасида Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти ходимлари томонидан Контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш доирасида навбатдаги профилактик тадбир бўлиб ўтди.
Хусусан, мутахассислар томонидан сотувчиларга контрафакт маҳсулотлар савдоси билан шуғулланиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, тарғибот ишлари давомида савдо расталарининг ҳар бирига асл маҳсулотни танлаш ва сотиб олиш бўйича тайёрланган “Контрафакт маҳсулотлар каталоги” тарқатилди.

Масъулларнинг қайд этишича, бу каби тадбирлар орқали ноҳалол рақобат олди олинади, асл маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркор ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Айниқса, истеъмолчиларнинг алданишига ва сохта, контрафакт маҳсулот харид қилишига йўл қўйилмайди.
Вазирлик томонидан ўтказилаётган контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши тарғибот тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА