Ўрдакчилик хўжаликлари ташкил этилмоқда
Президент топшириғи амалда
Президентимизнинг 2024 йил 27 июндаги “Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси борасида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутадиган паррандачиликни ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Шунга асосан Тошкент вилоятида бу борада тизимли ишлар қилинмоқда. Таҳлилларга кўра, 2024 йил ҳудуд бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 44,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати анча ошган. Шу даврда паррандаларни кўпайтириш 105 фоизга, тухум етиштириш 103,1 фоизга етказилди. Жорий йилда ҳам тармоқ хўжаликлари мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилган.
Хусусан, Тошкент вилоятида ўрдакчиликни Андижон вилояти тажрибасига асосланган ҳолда ривожлантириш бошланди. Бунда дастлабки саъй-ҳаракатлар тижорат банклари маблағлари эвазига Бўка, Оққўрғон, Бекобод ва Пискент туманларининг жами 21 та маҳалласида 360 та хонадонлар томонидан 80 километр коллектор-дренаж ҳамда бошқа мелиорация объектлари атрофларида “Пекин” зотли ўрдак боқиш йўлга қўйилмоқда.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир хонадон эгаси томонидан 100 бош ўрдак боқиш лойиҳасини бошлаш учун жами 44,9 миллион сўм маблағ зарур бўлади. Ўз навбатида ўрдак тухумини сотишдан йиллик олинган даромад 68 миллион сўмни ташкил этади. Агарда фуқаро минг дона тухумни инкубатор олиб, жўжа очириб гўштга боққан тақдирда, гўштини сотишдан олинган даромад 50 миллион сўмга етиши мўлжалланган.
Ҳозир бозорда бир килограмм ўрдак гўшти нархи 50 минг сўм. Шуни эътиборга олиб, Оққўрғон тумани Ҳамид Олимжон маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ўрдакчилик хўжалиги ҳудудида амалий семинар ўтказилди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, барча туман ва шаҳарлар ҳокимлари, соҳа масъуллари қатнашди. Вилоят ҳокими паррандачиликни янада ривожлантириш, соҳани қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва инновацион ечимлардан кенг фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берди.
Хусусан, маҳсулотларни қайта ишлаш ва бозорга чиқариш механизмларини такомиллаштириш муҳокама қилинди. Жойларда аҳолига тендер асосида зовур ёқаларини бўлиб бериш, ўрдак парваришлаш технология борасидаги ижобий тажрибалар кўрсатилиб, ерни узоқ муддатга ижарага бериш тартиблари тушунтирилди.


– Оққўрғон туманида ўрдакчилик соҳаси асосида парҳезбоп гўшт етиштириш режалаштирилган, – дейди вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Отабек Турсунов. – Бу саъй-ҳаракатлар орқали маҳаллий бозорни сифатли ва арзон парранда гўшти билан таъминлашга эришилади. Шунингдек, келгусида ўрдаклар сонини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат даражасига олиб чиқиш мақсад қилинган.
Жумладан, Ҳамид Олимжон МФЙ ҳудудида жойлашган ўрдакчилик маркази майдони 300 метрни ташкил этади. Ҳозир бу ерда 15 турдаги жами мингта ўрдак боқилмоқда. Уларнинг 25 фоизидан тухум олинади. Туман масъуллари маълумотига кўра, маҳалладаги турли ижтимоий дафтарларда рўйхатга олинган фуқароларга 50 тадан ўрдак тарқатилиб, зарур шароитлар яратиш орқали бандлиги таъминланмоқда.
– Бу йил бошидан бери “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бўйича самарали ишлар қилинмоқда, – дейди Дилфуза Тоҳирова. – Ҳозир камбағал оилалар 27 тани ташкил этади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад келтирадиган ишларга йўналтириш чорасини кўрилган. Маҳалламизда 10 та хонадон танлаб олиниб, уларга имтиёзли банк кредити асосида жами 213 миллион сўмлик даромад келтирувчи лойиҳалар пакетлари етказиб берилди.
А.Мусаев, ЎзА