Бугунги кунда илм-фан йўлида изланиш олиб бораётган олимлар ва тадқиқотчиларнинг фаолиятини тўлиқ ва шаффоф акс эттиришга хизмат қилувчи замонавий платформалардан бири — ORCID ҳисобланади. Олимлик “рақами” сифатида ҳам маълум бўлган ушбу идентификатор илмий тадқиқотларнинг аниқлик ва шаффофлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
ORCID (Open Researcher and Contributor ID) — ҳар бир олим ёки тадқиқотчига бериладиган 16 рақамли уникал идентификатор бўлиб, уларнинг барча илмий фаолиятини ягона платформада жамлаш имконини беради. Бу рақам тадқиқотчининг мақолалари, грантлари, конференциялардаги маърузалари ва бошқа илмий ишланмалари билан боғланади. Ушбу тизим 2009 йили муаллифларнинг номлари билан боғлиқ ноаниқликларни бартараф этиш мақсадида яратилган. 2010 йили АҚШнинг Делавер штатида нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган ва 2012 йил 16 октябрдан реестр хизматларини йўлга қўйган.
ORCID орқали олимнинг барча илмий фаолияти бир жойда акс этади. Масалан, Scopus ёки Web of Science каби базаларда мақолаларингизни алоҳида излаб ўтиришга ҳожат қолмайди. Шунингдек, фамилия ёки исм ўзгарган тақдирда ҳам идентификатор ўзгармайди. Бу эса шахсни аниқ идентификация қилиш имконини беради. Тошкент ахборот технологиялари университети “Ахборот технологияларининг дастурий таъминоти” кафедраси профессори Дилдора Муҳаммадиеванинг сўзларига кўра, уларнинг ORCID профилида 40 га яқин илмий мақола жамланган бўлиб, бу маълумотлар зарурат туғилганда бир неча сонияда тақдим этилиши мумкин.
ORCIDда рўйхатдан ўтиш жараёни оддий ва тез амалга оширилади. Платформада исм, фамилия, электрон почта ва парол киритилади. Шундан сўнг, автоматик тарзда 16 рақамли идентификатор берилади ва ушбу рақам шахсий илмий саҳифага боғланади. 2013 йил охирига келиб, платформада 460 мингдан ортиқ фойдаланувчи бўлган бўлса, 2022 йилда бу рақам 14,7 миллионга етди. Бугунги кунга келиб, дунё бўйлаб 16 миллиондан зиёд олим ORCID платформасидан фойдаланмоқда. Платформа аъзолари орасида Caltech ва Cornell University каби нуфузли илмий муассасалар, Elsevier, Springer, Wiley ва Nature Publishing Group каби йирик нашриётлар ҳам бор.
Олим ва тадқиқотчилар ўз мақолаларини қоғоз кўринишида сақлаш ўрнига, ORCID саҳифасида жамлаб бориши мақсадга мувофиқ. Бу нафақат вақт тежайди, балки турли ҳисоботлар тайёрлашда ҳам ёрдам беради. Шунингдек, у шогирдларига ҳам ушбу платформадан фойдаланишни тавсия этади. Чунки баъзи ҳолларда мақолалар рўйхатини зудлик билан тақдим этиш талаб қилинади. Бундай пайтда ORCID саҳифаси бу вазифани осон ва тез ҳал этишга ёрдам беради.
Илмий лойиҳаларни баҳолаш жараёнида тадқиқотчининг ORCID саҳифасини ҳисоботга қўшиш ҳам мақсадга мувофиқ. Чунки бу орқали изланувчининг мавзу доирасидаги барча фаолиятини аниқ кўриш мумкин. Юртимизда ҳам ORCID платформасига қизиқиш ортиб бормоқда. Айниқса, сўнгги пайтларда илмий лойиҳалар бўйича ҳисоботлар тақдим этишда ORCID профилини талаб қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Шу боис, ҳар бир тадқиқотчи ва олимга ушбу платформадан фойдаланишни бошлаш ва ўз “олимлик рақами”ни яратиш тавсия этилади.
Севара Абдуллаева,
Илмий-техник ахборот маркази ходими.